8 Окт 2021

Маҳсулот етиштирган чорвадорлар биринчи марта субсидия олди

Маҳсулот етиштирган чорвадорлар биринчи марта субсидия олди
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 июлдаги “Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори бўйича чорвачилик тармоқларидаги тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш тизими жорий этилган эди.

Мазкур қарорга мувофиқ жорий йил 1 июндан паррандачилик хўжаликларига — ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1000 сўм, чорвачилик хўжаликларига — ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун сотилган йирик ва майда шохли моллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2000 сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм, балиқчилик хўжаликларига — интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқларининг (лосось, форель ва осётр) ҳар бир килограми учун 3000 сўм қолган турдаги балиқлар учун 1000 сўм миқдорида субсидия ажратилиши белгиланган.

“Ўзбекчорванасл” агентлиги томонидан жорий йил сентябрь ойи якунигача 51 та тадбиркорлик субъектига 3 099,1 млн. сўм субсидия маблағи ажратилиши таъминланди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 11 та субъектга 49,6 млн. сўм, Андижон вилоятида 5 та субъектга 874 млн. сўм, Бухоро вилоятида 4 та субъектга 1 045,5 млн. сўм, Самарқанд вилоятида 17 та субъектга 711,2 млн. сўм, Сирдарё вилоятида 11 та субъектга 199,5 млн. сўм ва Хоразм вилоятида 3 та субъектга 219,7 млн. сўм субсидия ажратилди.

Таъкидлаш керак, мамлакатимиз тарихида биринчи марта маҳсулот етиштирган чорвачилик субьектларига субсидия бериш тизими жорий этилди. Бу эса, бозор иқтисодиёти шароитида чорвачилик маҳсулотлари тақчиллигининг олдини олиш ва нархини стабиллаштиришда энг тўғри ёндашувдир.

"Ўзбекчорванасл" агентлиги
Бош директори Бахтиёр Атамуродов