9 Сен 2021

Самарқанд ветеринария ва медицинаси институтининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Самарқанд ветеринария ва медицинаси институтининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Самарқанд ветеринария медицинаси институти янги Бош биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов, қўмита таркибидаги илмий тадқиқот ва илмий текшириш институтлари мутасадди ходимлари, ҳудудий ветеринария бошқармаси вакиллари, шунингдек, институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этишди.

Мазкур бино қурилиши ўтган асрнинг 85 йилларида айрим сабабларга кўра, тўхтатиб қўйилган, орадан ўтган деярли 35 йил мобайнида қурилишни давом эттиришга кўп марта уринишлар бўлган, аммо бу иш амалга ошмаган. Мазкур маҳобатли бино қайта қурилиб, шу ҳолатга келтирилгунча деярли 2 йил вақт кетди ва 28 млрд. сўм давлат маблағлари, қолаверса Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида қуриб битказилди.

Аҳамиятли жиҳати, бинода 9 та энг замонавий русумдаги илмий ва ўқув лабораториялари мавжуд. Бу лабораториялар салоҳияти ва нуфузи жиҳатидан дунёдаги энг илғор ва етакчи олий таълим муассасалари қошидаги ўқув ва илмий лабораториялар билан рақобатлаша олади. 

Жиҳозлар ва асбоб ускуналардан ўқув машғулотларида, қолаверса илмий тадқиқотлар мақсадларида фойдаланиш мумкин. Европа ва Американинг энг сўнгги русумдаги замонавий асбоб-ускуналаридир. Ветеринария соҳасида дунёнинг энг илғор таълим стандартлари, ҳаётда синалган назарий ва амалий билимлардан фойдаланиш жуда муҳимдир. Самарқанд ветеринария медицинаси институти жамоаси ана шу мақсад йўлида ҳаракат қилмоқда.

Очилиш маросимидан сўнг меҳмонлар институт Бош биноси, лабораториялар, аудиториялар ва бу ерда талаба-ёшлар, илмий изланувчилар ва тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. 

Танишувдан сўнг қўмита раиси Самарқанд ветеринария медицинаси институти талаба-ёшлари ва профессор-ўқитувчилар ва меҳмонлар учун “Мустақиллик дарси”ни ўтди. 

Раис ўз сўзида айни кунда мамлакатимизда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг бугунги натижаси, ислоҳотлардан кутилаётган мақсад, бажарилиши лозим бўлган муҳим ишларга тўхталиб ўтди. 

Жумладан, бугун юртимиз аҳолиси 35 млн. нафарга етган, мамлакат аҳолисини сифатли гўшт, сут ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш айнан мазкур соҳа вакиллари саъй-ҳаракатларига боғлиқдир. Маълумотларга кўра, мамлакат аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, жумладан гўшт, сут ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи бундан 20 йиллар олдин импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирда уларнинг 90 фоиздан ортиғи мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,4 баробар, сут ва сут маҳсулотлари 1,5 баробарга кўпайган. Бу рақамлар мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар салмоғини кўрсатади.

Учрашув давомида қўмита раиси институт профессор ўқитувчилари, талаба-ёшлар билан самимий мулоқот қилди. 

Мулоқот давомида яхши таклиф билдирган институт талабаси, Беруний давлат мукофоти совриндори Озодбек Собировга қўмита раиси томонидан ноутбук совға қилинди. 

Шунингдек, раис ўз сўзида институт янги Бош биноси учун қўмита маблағлари ҳисобидан 1 млрд. сўм ажратилишини маълум қилди. Институтнинг илғор профессор-ўқитувчиларига “Фаҳрий ёрлиқ”лар топширилди. 

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори, профессор Худайназар Юнусовнинг сўзларига кўра, институт мамлакатимизда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш соҳасида етакчи олий таълим муассасаси бўлиб қолаверади ва мамлакат иқтисодиётида олийгоҳ тайёрлаётган мутахассислар ва тадқиқотчилар томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар муҳим аҳамият касб этади. 

Соҳада таълим, фан, ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясида қўлга киритилган натижалар эса юртимиз аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиздир.









Самарқанд ветеринария медицинаси институти
Ахборот хизмати