10 Сен 2021

ФАО Ўзбекистонда бруцеллёз касаллигига қарши кураш бўйича энг илғор тажрибаларни жорий этмоқда

ФАО Ўзбекистонда бруцеллёз касаллигига қарши кураш бўйича энг илғор тажрибаларни жорий этмоқда

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда бруцеллёзга қарши кураш бўйича семинар-тренинг ташкил этилди.

Ветеринария соҳаси мутахассислари, эпидемиологлар, лаборатория ходимлари, Ветеринария илмий-тадқиқот институтининг илмий ходимлари ҳамда Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг профессор-ўқитувчилари иштирок этган тренингда ФАОнинг бруцеллёз бўйича халқаро эксперти, доктор Хосе Бласко нутқ сўзлади.

Тадбир ФАОнинг “Марказий Осиёда ҳайвонларнинг долзарб касалликлари бўйича тармоқ яратиш” техник ҳамкорлик дастури доирасида ташкил этилган бўлиб, унда бешта қабул қилувчи мамлакат – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда ҳайвонларнинг долзарб касалликлари бўйича минтақавий тармоқни яратиш мақсад қилинган.

Мазкур тармоқни яратишда бруцеллёз касаллигининг ҳайвонлар касалликлари орасида биринчи бўлиб танланишининг сабаби, бу касалликка қарши кураш Марказий Осиё мамлакатларининг барчасида муҳим ўринни эгаллайди. Бундан ташқари бруцеллёз аҳолининг энг камбағал қатламларига сезиларли ижтимоий-иқтисодий таъсир кўрсатиши билан ҳам муҳимдир.

Ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича минтақавий тармоқ доирасида ахборот ва тажриба алмашиш, лаборатория, дала, профилактика назорат, операция, алоқа ва бошқа амалиётларни стандартлаштириш, устувор йўналишларни аниқлаш, шунингдек таълим ва салоҳиятни юксалтириш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, ҳайвонлар саломатлиги инсон саломатлиги ва соғлом атроф-муҳит билан чамбарчас боғлиқ. Одамлар, атроф-муҳит ва ҳайвонларнинг яшаш муҳити ўртасидаги муносабатлар, айниқса ривожланаётган минтақаларда жуда яқин.

Чорва маҳсулдорлигининг ўзгариши янги патогенларнинг пайдо бўлиши, уларнинг ривожланиши ва ҳайвонлардан одамларга глобал миқёсда тарқалишига олиб келиши мумкин. ФАО ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилиш чорвачиликнинг барқарорлигини таъминлашнинг асосий шарти деб ҳисоблайди.

Тадбирда касалликлар тарқалишининг ўзгарувчан шароитлари билан боғлиқ мураккаб муаммоларни ҳал қилиш учун комплекс ёндашиш, бу жараёнда агроэкологик қаршилик, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва озиқ-овқат занжирлари хавфсизлигига кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Тренинг давомида доктор Хосе Бласко “Кичик кавш қайтарувчи ҳайвонлар ва қорамолларда бруцеллёзни назорат қилиш дастурининг шарҳи: Испания тажрибаси” ҳамда “Кавш қайтарувчи уй ҳайвонлари орасида бруцеллёзга қарши курашиш ва уни бартараф этишнинг техник жиҳатлари: жиҳозлар ва стратегия” мавзулари бўйича тақдимотларини намойиш этди.

Шунингдек, ФАО эксперти ўзининг Ўзбекистонга ташрифи давомида конюънктив усулда эмлашни амалиётда қўллаш учун Тошкент вилоятидаги кичик кавш қайтарувчи ҳайвонлар ва қорамолларни парвариш қилишга ихтисослашган хўжаликларда ҳам бўлди.


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати