11 Окт 2021

“Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва ветеринария таълими: Сўнгги ютуқлар ва янгича ёндашувлар”

“Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва ветеринария таълими: Сўнгги ютуқлар ва янгича ёндашувлар”

Қўмитанинг Самарқанд ветеринария медицинаси институтида “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва ветеринария таълими: Сўнгги ютуқлар ва янгича ёндашувлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Самарқандда ташкил этилган халқаро анжуманда ҳорижий мутахассислар ва соҳа олимлари, профессорлар ҳамда онлайн тарзда қўмита раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Джаббаров ва қўмита масъуллари иштирок этишди.

Европа Иттифоқининг Erasmus+ дастури доирасида бир қатор ҳорижий университетлар (Пиза, Падова, Порто ва Тарту) билан ҳамкорликда 2016-2020 йиллар давомида амалга оширилган “Ўзбекистонда ветеринария тармоғида уйғунлашган таълим” халқаро таълим лойиҳасининг якунланишига бағишланган халқаро анжуманда лойиҳа доирасида амалга оширилган қатор ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида, ушбу лойиҳа ветеринария, зоотехния ва ветеринария-санитария экспертизаси таълим йўналишларида талабаларни ўқитиш ва таълим сифатини янада яхшилаш, амалий лаборатория машғулотларини ўзлаштиришда талабаларнинг бевосита иштирокини таъминлаган ҳолда уларда касбий малака ва кўникмаларни шакллантириш ҳамда ўқув дастурларини жаҳон тажрибалари асосида олиб боришда муҳим аҳамият касб этади.

Лойиҳа доирасида Европа ҳамкор университетларининг малакали профессор- ўқитувчилари ва экспертлари иштирокида ветеринария таълимини ривожлантириш бўйича янги ўқув режа ва услубий дастурлар ишлаб чиқилди.

Танлов асосида мамлакатимизнинг барча иштирокчи олий таълим муассасаларидан 5 нафардан жами 20 нафар профессор-ўқитувчилари босқичма-босқич Европанинг ҳамкор университетларида “Чорвачилик ва амалий ветеринария муаммолари”, “Озиқ-овқат хавфсизлиги” ҳамда “Ўқитишнинг илғор технологиялари йўналишлари” бўйича малака ошириш курсларида иштирок этишди.

Шу билан биргаликда лойиҳа маблағлари ҳисобидан ветеринария медицинаси таълим йўналишида амалий ўқитиш тизимини такомиллаштириш мақсадида жарроҳлик, ички юқумсиз касалликлар ва акушер гинекологик касалликлар диагностикаси ва даволашга мўлжалланган замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган ўқув клиника хоналари ташкил этилди.


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати