14 Дек 2021

Россия федерацияси ветеринария мутахассислари билан учрашув бўлиб ўтди

Россия федерацияси ветеринария мутахассислари билан учрашув бўлиб ўтди

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жабборов Россия қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушев ва Россельхознадзор раҳбари Сергей Данкверт билан мулоқот ўтказди.

Мулоқот чоғида ўзбекистонлик ветеринария мутахассисларининг Россия федерацияси “ВетИС” ахборот тизимига кирувчи “Аргус” ва “Мерукурий” ахборот тизимларидан кенг кўламда фойдаланиши муҳокама қилинди.

Шу кунга қадар қўмитанинг Давлат чегарасидаги ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармаси ва ветеринария пунктларининг 30 нафар масъул ходимлари Россия федерацияси Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати томонидан ўқитилди ва уларга ушбу ахборот тизими учун логин ва пароллар берилди. Ўзбекистондан Россияга экспорт қилинаётган товарлар тўғрисидаги маълуматлар доимий равишда “Меркурий” ахборот тизимига киритиб борилмоқда. 

Мазкур тизим доирасида 2020 йилда 180 та ва 2021 йилнинг 9 ойида 53 та сертификат тақдим этилди. “Аргус” дастуридан давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларнинг транзити бўйича тегишли электрон ҳужжатлар расмийлаштиришда фойдаланиб, жорий йилда 871 дона транзит рухсатномалари расмийлаштилди.

Учрашувда томонлар ахборот тизимларининг техник вазифаларини ўрганиш, интеграциялаш бўйича кейинги босқичга ўтиш, шунингдек Россельхознадзор томонидан қўмита мутахассислари учун қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этишга келишилди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати