15 Окт 2021

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг “Халқаро қишлоқ аёллари куни” муносабати билан байрам табриги

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг “Халқаро қишлоқ аёллари куни” муносабати билан байрам табриги

Қадрли опа-сингиллар!

Бугун ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида аёллар фаол иштирок этишмоқда. Уларнинг меҳнатсеварлиги, ақлу заковати, ишбилармонлиги ва ҳар бир жабҳада доимо олға интилиб, юртимиз равнақига ҳисса қўшиб келаётганликлари таҳсинга сазовор, албатта.

Айниқса, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида фаолият юритаётган, турмуш тарзининг янада фаровон ва тўкис бўлиши учун меҳнат қилаётган барча опа-сингилларимизнинг ўзига хос меҳнатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли.

Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Aссамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги 62/136-сонли резолюцияси билан қишлоқ аёлларининг қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ жойлари ривожланиши учун, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ жойларида ночорликка барҳам беришдаги катта ҳиссаси тан олинган. Мазкур резолюцияга асосан бутун дунёда “15-октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни” сифатида нишонланиши таклифи илгари сурилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 15 октябрь санасини юртимизда “Халқаро қишлоқ аёллари куни” сифатида кенг нишонлаш таклифи маъқулланган эди.

Азиз қишлоқ аёллари!

Оилаларда доимо тинчлик-хотиржамлик, қишлоқларимизда фаровон ҳаёт ҳукмрон бўлишида, юртимиздаги файзу барака ва ҳамжиҳатликда сизларнинг ҳиссангиз беқиёс. Ўйлайманки, юртдошларимизнинг кўнглида Сиз – азиз қишлоқ аёлларига айтадиган самимий ташаккурлари бисёр.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни “Халқаро қишлоқ аёллари куни” билан чин кўнгилдан муборакбод этаман! Хонадонингиздан файз-барака, юзингиздан табассум аримасин.
Байрамингиз муборак бўлсин!

Баҳром Норқобилов,

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси раиси