16 Июн 2021

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси янгиқўрғонлик ёшлар билан учрашди

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси янгиқўрғонлик ёшлар билан учрашди

Айни кунларда вазирликлар ва идоралар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланган тадбирлар режаси асосида ҳудудларда ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида «Раҳбар ва ёшлар» учрашувида иштирок этди.

Президентимизнинг 2020 йил 25 декабрь куни ўтказилган Ўзбекистон Ёшлари форумидаги сўзлаган нутқи, 2021 йил 3 февралдаги фармони билан тасдиқланган «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури, қолаверса, 2021 йил 27 январь ва 13 апрель кунлари бўлиб ўтган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишларида ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мулоқотда туман сектор раҳбарлари, ҳокимлик, Ёшлар ишлари агентлиги, тижорат банклари ва тегишли бўлимлар мутасаддилари қатнашди.

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшлар билан ишлаш бўйича янгича тизим – «Ёшлар дафтари» йўлга қўйилди. Мавжуд муаммолар ва истаклар «маҳаллабай» ўрганилди. Уларнинг ечими бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

«Ёшлар дафтари» аниқ машғулот турига эга бўлмаган, вақтинча ишсиз ёш ўғил-қизларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, навқирон авлод вакилларининг бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Биргина, Янгиқўрғон туманида жорий йилнинг ўтган даврида «Ёшлар дафтари»га киритилган 4 минг 68 йигит-қиздан 2 минг 546 нафарининг муаммоси ҳал этилди. Жумладан, 481 нафари доимий ва вақтинча ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жойлаштирилди. 341 ёшнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 7 миллиард 226 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари берилди. Деҳқончилик қилиш истагидаги 673 нафар ёшга 119,6 гектар бўш ер майдони ажратилди. 

176 нафарини эса «1+1» дастури асосида тадбиркор ва ҳунармандларга бириктириш орқали бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди. 187 нафар ёш ўзлари қизиққан касб-ҳунар ва тадбиркорлик йўналишлари бўйича ўқитилиб, сертификатга эга бўлди.

«Раҳбар ва ёшлар» учрашувида йигит-қизлар томонидан Наманганда журналистика бўйича олий таълим йўналишини ташкил этиш, Янгиқўрғон туманида янги замонавий кутубхона барпо этиш, олий таълим муассасаларида имтиёзли асосда ўқишга қабул қилинадиган давлат грантлари сонини ошириш, субсидия асосида уй-жой олишга кўмаклашиш, контракт тўловларини амалга оширишда моддий ёрдам кўрсатиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кредит ва ер майдонини ажратиш каби масалалардаги мурожаатлар билдирилди.

Ҳар бир масала назоратга олинадиган бўлди.

– Самарқанд давлат чет тиллар институтида таҳсил оламан, – дейди Юксалиш маҳалласидан келган Ҳожиакбар Абдуқаҳҳоров. – Туманимиз ҳудудида замонавий кутубхона мавжуд эмас. Китобхонлик ва китоб мутолаасига эҳтиёж ортиб бораётган бир шароитда туман маданият марказининг иккинчи қаватида жойлашган ахборот-ресурс марказидаги ҳолат мақтагудек эмас. Ўқув хоналари иссиқ, қолаверса ёруғлик тушмайди. Интернетга уланмаган. Мурожаатимни эшитишди, энди ечим топишда кўмаклашишса керак.

Моҳларой Эргашева тумандаги «Газнон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 28-сонли умумтаълим мактабининг 10-синфини тамомлади. У айни ёзги таътил кунларида хорижий тилларни ўрганишга астойдил киришган. У муаллим бўлишни мақсадга қилган. Келажакда инглиз тилидан дарс бериш ниятида.

Моҳларойнинг яхши нияти, ҳаракатчанлиги ва оилада кўп фарзанд эканлиги ҳисобга олинган ҳолда, уларга соғин сигир совға қилинадиган бўлди. Қолаверса, унинг Қирғизистондаги Ўш давлат университетида спорт йўналишида таҳсил олаётган акаси Диёрбек Эргашевнинг ўқишини юртимиздаги олий таълим муассасаларига кўчириш ҳақидаги мурожаати ҳам эътиборга олинади.

– Бу йил мактабни тамомладим, – дейди Заркент қишлоғида яшовчи Маҳлиё Ҳайдарова. – Айни пайтда олий ўқув юртларидан бирига кириш учун имтиҳонларга тайёргарлик кўраяпман. Бўш вақтларимдан унумли фойдаланиш мақсадида чорвачилик билан шуғулланмоқчиман. Менга «Ҳар бир оила тадбиркор» дастурига мувофиқ 30 миллион сўмгача бўлган имтиёзли кредитдан фойдаланишим мумкинлигини тушунтиришди. Бу борада туман Халқ банки томонидан зарур ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

Ровот маҳалласида яшовчи Умархон Ҳошимов Наманган Давлат университетининг биология йўналишида контракт асосида таҳсил олади. Иккинчи курсни тамомлаётган талабада шартнома пулларини тўлашда муаммолар бор. Боиси, унинг синглиси ҳам шартнома бўйича Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида ўқийди. Унга контракт пулининг қолган қисмини тўлашда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда туман ҳокимлиги амалий ёрдам кўрсатадиган бўлди.

Бугунги кунда хорижий тилларни ўрганиш ва ўргатиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрилмоқда. Асосан инглиз тилини ўқитишга эътибор кучайтганлиги учун, қолган бошқа хорижий тилларнинг ўқитилиши, педагог кадрларда муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Юқори Новкент маҳалласидан бўлган Дилдора Сотимова ўтган йили Наманган Давлат университетининг немис тили ихтисослиги бўйича тамомлаб, бир неча бор мактабларга иш сўраб борган, аммо бор штатлар бандлиги боис ишга киролмаган. Айни пайтда у инглиз тилида таълим бериш мақсадида шартнома асосида қайта тайёрлов курсларига ўқишга мажбур бўлмоқда. Мурожаатдан келиб чиққан ҳолда, мактабларда немис тили ўқитувчилари учун етарли штатлар бериш юзасидан тегишли вазирликларга таклиф киритилиши, Дилдора агарда қайта тайёрлов курсларида ўқийдиган бўлса, унинг шартнома пули қоплаб берилиши маълум қилинди.

Учрашув якунида ёшларга бадиий китоблар жамланмаси тақдим этилди.





Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати