19 Июн 2020

Навоийда янги замонавий кушхона фаолият бошлади

Навоийда янги замонавий кушхона фаолият бошлади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги “Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 386-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида худудларда ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари фаолияти йўлга қўйилмоқда. 

Жумладан, Навоий вилоятининг Нурота туманида ҳам янги замонавий қушхона фаолияти йўлга қўйилди. 

Аҳолига қулайликлар яратиш, гўшт ва гўшт маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида туман марказидаги “Ғафур Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Нур Замин Шер воҳалари” МЧЖга замонавий қушхона қурилиши учун ер майдони ажратилиб берилди. 

У ерда замонавий типдаги ихтисослаштирилган сўйиш корхонаси бунёд этилди ва янги ускуналар билан жиҳозланиб, ишга туширилди. 

1 кунда 25 бош йирик шохли мол, 150 бош майда шохли молни сўйиш қувватига эга бўлган корхонада сўйиладиган молларни қушхонагача олиб келиш, гўшт маҳсулотларини совутиш ва сақлаш ҳамда савдо нуқталарига етказиб бериш хизматлари билан бир қаторда тери ва ичак хомашёсига замонавий ускуналарда бирламчи ишлов бериш цехлари фаолияти ҳам йўлга қўйилган. 

Шунингдек, корхонада ходимлар ва мижозлар учун барча қулайликларга эга бўлган дам олиш (кутиш) хоналари, ветеринария хизмати кўрсатиш учун лаборатория хоналари ташкил этилган.


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати