22 Июн 2020

Наслчилик хўжаликлари мақомини бериш тартиби такомиллаштирилди

Наслчилик хўжаликлари мақомини бериш тартиби такомиллаштирилди

Кейинги йилларда мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, наслли қорамол зотларини парваришлаш борасида хориж тажрибасини чуқур ўрганиш ва жорий этишга алоҳида эътибор қаратила бошланди.

Ветеринария, чорвачилик ва наслчилик соҳаларини бир тизимга бирлаштириш орқали мамлакатимизда чорва моллари бош сонини кўпайтириш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда наслини яхшилашга эришилмоқда. Пировард натижада эса республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга мустаҳкам замин яратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 февралдаги “Наслчилик хўжаликлари мақомини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ҳам бу борада муҳим дастуриламал вазифасини бажаради.

Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг “Наслчилик тўғрисида”ги қонуни, Президентимизнинг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида” ва 2019 йил 28 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ наслчилик хўжаликлари мақомини бериш тартиби тизимли равишда белгиланди.

Жумладан, янги низомда Ўзбекистонда наслчилик хўжаликлари мақомини бериш тартиби жорий қилинмоқда. Наслчилик хўжаликлари мақоми Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Ўзбекчорванасл” агентлиги томонидан берилади. Ўз навбатида, бу бўйича ҳудудий давлат аттестация комиссиялари ва уларнинг фаолияти ташкил этиладиган бўлди.

Зарур ҳолларда комиссия илтимосига кўра наслчилик хўжаликлари мақомининг тоифалари бўйича муайян малакага эга бўлган мутахассислар ёки олимлар шартнома асосида ваколатли орган томонидан комиссия ишига эксперт сифатида жалб қилиниши мумкин. Энди талабгорлар наслчилик хўжалиги мақомини олиш учун ҳудудий “Чорванасл” марказига ариза тақдим этиши мумкин. Шу орқали уларга белгиланган талаб асосида гувоҳнома берилади.

Бу бир қарашда оддий кўринсада, аслида соҳадаги муҳим ўзгаришларга замин яратади. Ишонамизки, мазкур ҳуқуқий тартибнинг амалиётга жорий қилиниши ветеринария ва наслчилик-селекция соҳалари ҳар томонлама ривожланиши, инновация ишланмалари натижалари амалиётга жорий этилишини таъминлайди.

Шуҳрат ДЖАББОРОВ,

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари