Қўмита раиси ўринбосари Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали фаолияти билан танишди
Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Аброр Акбаров, қўмита бошқарма бошлиғи Мақсуд Юсупов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Қыяс Пирназаровлар қўмитанинг Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалида бўлишди.
У ерда филиал директори Адилбай Есимбетов билан филиалнинг бугунги кундаги фаолияти ҳамда келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Қўмита раиси ўринбосари А.Акбаров ва қўмита бошқарма бошлиғи М.Юсуповлар янги ўқув йилига қабул жараёнлари билан бир қаторда филиалдаги ўқув хоналари, кутубхона, спорт зали ва талабалар турар жойида яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.
- "Ҳозирда cоҳада етук кадрларга эҳтиёж катта. Шунинг учун чуқур замонавий билимларга эга мутахассисларни тайёрлаш энг долзарб масалалардан бири”, - дея таъкидлади раис ўринбосари.
Шунингдек, Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалининг айни пайтдаги фаолиятига баҳо берилиб, янги ўқув йилида талабаларни зарур шароитлар, ўқув жиҳозлари ва қўлланмалар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати