22 Сен 2021

Қўмита раиси Беларусь Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари билан учрашди

Қўмита раиси Беларусь Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари билан учрашди

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида Қўмита раиси Баҳром Норқобилов ва Беларусь Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари – Ветеринария ва озиқ овқат департаменти директори Иван Смильгинь билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ҳамда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ва янги лойиҳалар атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, музокаралар давомида икки давлат ўртасида назорат остидаги товарларнинг экспорт, импорт ва транзит масалаларида яхши натижаларга эришилаётгани қайд этилди.

Шу ўринда ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида ветеринария соҳасига қаратилаётган эътибор, соҳани янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва муҳим чора-тадбирлар тўғрисида Беларусь Республикаси вакилларига батафсил маълумот берилди.

Ўзаро мулоқотларда Ўзбекистон Републикаси ветеринария қонунчилигига киритилаётган ўзгартиришлар, назорат остидаги товарларни импорт қилишга доир янги қонун ва талаблар муҳокамасига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, учрашувда мамлакатимизда ветеринария соҳасидаги ўзгаришларга доир тақдимот ҳам намойиш этилди   

Учрашув сўнгида томонлар дўстона ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланиб боришига юксак ишонч билдиришди.


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати