23 Июн 2020

Наманганнинг Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарадош худудларида эпизоотияга қарши кураш тадбирлари ўтказилди

Наманганнинг Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарадош худудларида эпизоотияга қарши кураш тадбирлари ўтказилди

Наманган вилоятининг айрим туманлари қўшни Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари билан чегарадош худуд ҳисобланади. 

Шу боис худудда эпизоотик барқарорликни таъминлаш, четдан ҳайвонотга мансуб касалликлар кириб келишининг олдини олишга қаратилган қатор чоралар кўрилмоқда. 

Вилоятнинг Косонсой ва Поп туманларидаги чегара ўтказиш пунктларида дезотўсиқ ва дезотўшамалар билан жиҳозланган ҳолда давлат ветеринария назорати қатъий тартибда фаолият олиб бормоқда.

Ветеринария мутахассислари томонидан худудда эпизоотик барқарорликни таъминлаш мақсадида ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоқларини йўқ қилиш ҳамда эмлаш тадбирлари олиб борилди.

Жумладан, Уйчи туман ветеринария ва чорвачилик ривожлантириш бўлими мутахассислари томонидан худуддаги аҳоли ва чорва фермер хўжаликларига қарашли чорва ҳайвонлари қутуриш ва нодуляр дерматит касалликларига қарши профилактик эмланди. 

Шунингдек, ўтган ҳафта мобайнида аҳоли қарамоғидаги жами 1450 бош майда шохли мол бруцеллёз касаллигига қарши REV-1 эмламаси билан эмланиб, 5360 бош йирик шохли мол ва 4500 бош майда шохли мол Қрим-Конго геморрагик касаллигига қарши дезинфекция қилинди. 

Бундан ташқари мутахассислар аҳоли орасида чорва ва уй ҳайвонларида учрайдиган юқумли касалликлар бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб борди. Касаллик тўғрисида эслатма ва варақалар тарқатилди.


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати