Қизилқум саҳросида барпо этилган чорвачилик мажмуаси
Навоий вилояти марказидан 100 км узоқликда жойлашган, 30 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилувчи Конимех тумани чорвачиликка ихтисослашган худудлар сирасига киради. Кейинги йилларда Хукуматимиз томонидан тадбиркорлар учун яратилаётган кенг имкониятлар натижасида худудда кўплаб тадбиркорлик субьектлари фаолияти йўлга қўйилди. Туманнинг чўл худудлари ҳам ўзлаштирилиб, янги чорва комплекслари ишга туширилмоқда ва янги иш ўринлари яратилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4254-сонли Қарори ижроси доирасида туманнинг кенг яйловларида ҳам кўплаб чорвачилик фермер хўжаликлари ташкил этилмоқда.
Конимех туманининг “Саржал” овул фуқаролар йиғини худудида ташкил этилган фермер хўжалиги ҳам шулар жумласидан.
Йирик ва майда шохли молларни парваришлашга мўлжалланган “Usen ata” хўжалигида айни пайтда 2300 бош майда шохли моллар парвариши йўлга қўйилган ҳамда 10 дан ортиқ иш ўринлари яратилган. Ҳозирда хўжаликда яна янги чорва биносини қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Фермер Азамат Қушбарбеков рахбарлигидаги мазкур чорва комплекси ҳозирги кунда туман аҳолисини арзон ва сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлашга ҳисса қўшиб келмоқда. Ушбу янги лойиҳа учун жами қиймати 1 млрд 220 млн сўм, шундан 220 млн сўм ўз маблағи ҳисобидан ва 1 млрд сўм банк кредит маблағлари йўналтирилди.
Ҳозирги кунда хўжаликдаги ветеринария мутахассислари барча шароитларга эга махсус жиҳозланган хона билан таъминланган.
Шунингдек, Конимех туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан худудда ва ушбу хўжаликда эпизоотияга қарши тадбирлар режа бўйича мунтазам равишда ўтказилиб борилмоқда.
Шу каби лойиҳалар доирасида янги чорвачилик фермер хўжаликларининг ташкил этилиши бепоён Қизилқум яйловларидан самарали фойдаланиш ҳисобига тармоқни янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолига қўшимча иш ўринлари яратишда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ветеринария ва чорвачиликни риивожлантириш
Давллат қўмитаси Ахборот хизмати