25 Авг 2021

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Тошкент вилояти чорвачилик хўжаликлари раҳбарлари ҳамда соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот учрашувини ўтказди

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Тошкент вилояти чорвачилик хўжаликлари раҳбарлари ҳамда соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот учрашувини ўтказди

Шу муносабат билан Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги “Гулобод-мева” чорвачилик, наслчилик ва бўрдоқичилик фермер хужалигида Президентимизнинг 2021 йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида ”ги Қарори ижроси юзасидан семинар ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Бахром Норқобилов, Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев, сектор раҳбарлари, тижорат банклари вакиллари, худудлардаги чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари ва фермерлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 20 август куни мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ ўтказган мулоқот давомида соҳадаги муаммоларни ҳал қилишга қаратилган муҳим йўналишларни белгилаб берди. 

Бугунги кунда мамлакатимизда чорва моллари ва паррандалар бош сонини ошириш, ветеринария назоратини кучайтириш ва ветеринария хизматлари сифатини ошириш, ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш, эпизоотик осойишталик ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Галдаги вазифа чорва моллари наслини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчилик йўналишидаги хўжаликлар фаолияти ва чорвачилик маҳсулотларини етиштиришда йирик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади.

– Охирги беш йилда чорвачилик субъектлари сони уч баравар ошди, – дейди Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Норқобилов. 

– Биргина жорий йилнинг ўзида қиймати 7 триллионн 122 миллиард сўмлик 1 минг 828 та лойиҳалар амалга ошириш режалаштирилган. Бугунги кун ҳолатига кўра, 1 минг 131 та лойиҳа амалга оширилиб, натижада хорижий давлатлардан 90 минг бошдан ортиқ наслли қорамол, 80 минг бошдан ортиқ наслли қўй-эчки олиб келинди.

Эътиборлиси, чет давлатлардан келтирилган гўшт йўналишидаги тез етилувчан қорамолларнинг янги зотларини кўпайтириш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Хусусан, Тошкент вилоятида ҳам ана шундай зотдор моллар парваришланяпти. Қолаверса, майда шохли молларнинг зотини яхшилаш ва маҳсулдорлигини ошириш мақсадида қўйларнинг “Меринос”, “Романов”, “Эдилбой” ва “Дорпер” зотлари ҳамда эчкиларнинг “Ангор” ва “Занен” зотлари чет давлатлардан келтирилиб, уларнинг бош сонини янада ошириш чоралари кўрилмоқда.

Вилоят ҳудудий "Чорванасл" маркази директори Нодир Маҳмудовнинг таъкидлашича, айни пайтда вилоятда қорамолчилик ва қўй-эчкичилик бўйича 617 та хўжаликлар мавжуд. Унда 86 минг бошдан зиёд чорва боқиляпти. Давлатимиз томонидан яратилган қулай имтиёзлар туфайли жорий йилда 208 янги лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Бунинг натижасида қўшимча равишда яна ҳудудларда 25 минг бош қорамол парваришланиб, 45 минг тонна қўшимча гўшт, 41 минг тоннадан ортиқ сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. 

Бу йил чорвачилик хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш учун 7 миллиард сўм субсидия ажратилди. Бундан ташқари июль ойидан бошлаб тадбиркорларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари учун ҳам имтиёзлар бериляпти. Шунингдек, жойларда наслчиликни ривожлантириш борасида тизимли ишлар бошланган. Хусусан, ҳозир Оққўрғон туманида аҳоли хонадонларидаги қорамолларнинг 75 фоизининг насли яхшиланди.

Семинарда соҳадаги янгиликлар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида фикр алмашилди. Мазкур жараёнда вилоят ҳокимлиги, сектор раҳбарлари томонидан амалий кўмак бериляпти. Ҳозир ҳудудимиздаги тадбиркорларнинг янги лойиҳаларни амалга ошириш учун кредит маблағлар ажратиш, озуқа-ем етказиб бериш учун ер майдонларини ажратиб беришда муаммоларга дуч келаётган эди. Мутахассислар томонидан бу борада зарур тавсия ва таклифлар берилди.









Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати