Шаҳрихон туманида ҳайвонларнинг юқумли касалликларига қарши кузги эмлаш тадбирлари давом этмоқда
Андижон вилояти бўйича ҳайвонларни турли юқумли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари жадал амалга оширилмоқда.
Жумладан, вилоятнинг Шаҳрихон тумани ветеринария мутахассислари томонидан ҳайвонлар касалликларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида худудда эпизоотик осойишталикни таъминлашга эришилмоқда.
Жорий йил октябр ойи давомида тумандаги 13700 бош чорва ҳайвони куйдирги касаллигига, 16600 бош чорва ҳайвони оқсил касаллигига, 4300 бош қўй-эчки чечак касаллигига ва 18500 бош парранда ўлат касаллигига қарши профилактик эмланди.
4700 бош уй ҳайвонларида эса каналарга қарши ишлов берилди.
Шунингдек, Давлат ветеринария хизмати ходимлари томонидан худудда парвариш қилинаётган барча турдаги ҳайвонлар касалликларига қарши кураш ҳамда унинг олдини олиш бўйича тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати