26 Авг 2021

Қўмитада Германия халқаро ҳамкорлик жамияти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

Қўмитада Германия халқаро ҳамкорлик жамияти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

Бугунги кунда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва халқаро ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатлари янада кенгайиб, мустаҳкамланиб бормоқда. Мазкур ҳамкорликлар доирасида истиқболли янги лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда.

Шу жумладан, жорий йилнинг 25 сентябрь куни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида Германия Федератив Республикаси Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа раҳбари Беате Шорайт хоним ҳамда Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Джаббаров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Маълумки, мазкур ташкилот 1992 йилдан буён Ўзбекистонда ўз фаолиятини олиб бормоқда. 

Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг фаолияти ҳамкорлик лойиҳалари доирасида Ўзбекистонда иқтисодни барқарор ривожлантириш, ижтимоий ҳаётни яхшилаш ва бошқарув тизимини такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, айни вақтда умумий қиймати салкам 71 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Учрашув давомида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ва Қўмита ўртасида муносабатларни йўлга қўйиш ҳамда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 

Шунингдек, томонлар Ўзбекистонда ветеринария ва чорвачилик соҳаларини ривожлантириш, соҳада етук кадрлар тайёрлаш, мутахассислар малакасини ошириш ва илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга келишиб олдилар. 

Ўз навбатида Беате Шорайт хоним, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти Қўмита билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда таъкидлаб ўтилган йўналишлар бўйича ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар учун грант маблағларини ажратишга тайёр эканлигини маълум қилди.



 

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати