28 Окт 2019

Чегара олди худудларида мониторинг ишлари олиб борилди

Чегара олди худудларида мониторинг ишлари олиб борилди

Наманган вилоятида эпизоотик барқарорликни таъминлаш, қўшни давлатлардан ҳайвонотга мансуб касалликлар кириб келишининг олдини олиш мақсадида чегара олди туманларда мониторинг ишлари ташкил этилди. Шу мақсадда соха мутахассислари чегара олди худудларида яшовчи аҳоли вакиллари билан учрашиб, хонадонларда парвариш қилинаётган ҳайвонларни клиник кўрикдан ўтказилди.
Хусусан, Уйчи тумани “Бирлашган” маҳалла аҳолиси хонадонларидаги 245 бош ит ветеринария кўригидан ўтказилиб, 78 бош ит қутуриш касаллигига қарши профилактик эмланди. Аҳоли орасида мазкур касаллик тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди ҳамда шу мазмундаги буклетлар тарқатилди. Худуддаги мактаб ва боғчаларда ветеринария мутахассислари томонидан қутуриш касаллигининг келиб чиқиши ва ундан эҳтиёт бўлиш чоралари хусусида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, вилоятнинг Косонсой тумани ветеринария ва чорвачилик ривожлантириш бўлими мутахассислари томонидан худуддаги чорва ҳайвонларини куйдирги, оқсил ва брадзот касалликларига қарши профилактик эмлаш тадбирлари ўтказилди. “Осмон сайёраси” фермер хўжалиги ҳамда “Кукумбой” маҳалласидаги жами 552 бош қорамол, 325 бош қўй-эчки куйдирги касаллигига, 114 бош қорамол оқсил касаллигига қарши профилактик эмланди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати