28 Авг 2021

ҚЎМИТА АСОСЛАНГАН ТАҲЛИЛ НАТИЖАЛАРИ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШНИ ТАКЛИФ ЭТАДИ

ҚЎМИТА АСОСЛАНГАН ТАҲЛИЛ НАТИЖАЛАРИ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШНИ ТАКЛИФ ЭТАДИ

"kun.uz" сайтида шу йилнинг 14-июл куни Илёс Сафаров қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Насриддин Халилов билан чорвачилик соҳасига доир суҳбат қилиб эфирга узатган.

Суҳбат давомида И. Сафаров савол беришдан аввал "Нима учун мустақилликкача бўлган даврда, мустақилликдан кейинам, илк йилларида кўп кўриш мумкин эди, силос тайёрлаш, сенаж тайёрлаш деган масалалар бизда бугун йўқлиб кетди", "Бугун ўзбек чорвасининг насли жудаям бузилиб кетган, зотдорлиги бузилиб кетган. Нима учун бизда зот янгилаш ишлари етарлича йўлга қўйилмаяпти?", "Ўзбекистондаги асосий чорва маҳсулотлари, сигир, қўйларга қарасангиз, жуда кичкина-кичкина, сути кам, гўшти кам уни, гўшти мазали бўлмаган бир гўшт", "Шу ерда аччиқ бўлсаям битта ҳақиқат, демак, сизлар тайёрлаётган мутахассисларниям сифати яхшимас бугун" каби асосланмаган фикрлар билдирган.

Илёс Сафаров худди шу мазмунда 26.08.2021 куни қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Тошкент давлат аграр университети профессори Баҳром Азизов билан ҳам суҳбат уюштириб, қорамоллар наслчилиги ва уларнинг маҳсулдорлиги бўйича асоссиз талқин юритган.

Дейлик, суҳбат давомида бугунги кунда мамлакатимизда мол бош сони минг бош ва ундан юқори бўлган хўжаликлар сони 136 тага етган бир маҳалда республикамиз чорвачилиги инқироз ёқасида деб таърифланган.

Шу маънода Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси журналист ва блогерлардан тармоқдаги ислоҳотлар борасида аниқ рақамлар ва асосланган таҳлил натижалари бўйича ҳамкорлик қилишларини сўрайди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати