29 Июл 2020

Самарқанд ветеринария медицинаси институтида онлайн битирув кечаси бўлиб ўтди

Самарқанд ветеринария медицинаси институтида онлайн  битирув кечаси бўлиб ўтди

Қўмитанинг Самарқанд ветеринария медицинаси институтида онлайн форматда битирув кечаси бўлиб ўтди.

“Сиздан умидимиз катта, азиз битирувчилар!” шиори остида ташкил этилган учрашувда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Инновацион фаолият, фан ва таълим соҳасини ривожлантириш бошқармаси” бошлиғи Ж.Турсагатов, институт ректори, проректорлар, факультет деканлари, профессор-ўқитувчилар, шунингдек талаба-ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди.

Бу ўқув йилида Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг бакалавриат босқичини 1366 нафар, магистратура босқичини эса 47 нафар талаба ёшлар тамомлади.  

Айтиш жоизки, таълим олишни ва келажакда ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишни истаган талабалар ҳар қандай вазиятда ҳам ўз имкониятларидан оқилона фойдалана олади.  

Ушбу онлайн учрашувда институт ректори барча битирувчиларни қутларкан, ўз фикрларини билдириб ўтди.  

“Ижтимоий ҳаётнинг барча сохаларига ўз таъсирини ўтказган коронавирус пандемияси ҳамда карантин чекловлари туфайли талабаларимиз ижтимоий ҳаётдан узилиб қолмаганлиги қувонарли ҳол албатта. Режалаштирилган барча тадбирлар, ташаббуслар, жумладан конференциялар, семинарлар, фан олимпиадалари, хорижий олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирокидаги учрашувлар, маърузалар ва барча лойиҳаларда талабаларимиз онлайн тарзда бўлса-да, фаол иштирок этишди.  

Уйда қолиб ҳам фойдали иш билан шуғулланиш, тинимсиз изланиш ва бу орқали жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш имконияти мавжудлигини талаба-ёшларимиз яхши англаб етаётганидан барчамиз бирдек мамнунмиз.

Биз устозларнинг сиз азиз талабалардан умидимиз катта. Келгусидаги мустақил фаолиятингиз давомида бу, албатта ўз исботини топишига ишонамиз, сизларга улкан муваффақиятлар тилаймиз”, – дея таъкидлади институт ректори, профессор Худойназар Юнусов.

Онлайн мулоқотда битирувчиларни мустақил фаолиятга кузатаётган устозларга талабалар ва уларнинг ота-оналари томонидан чуқур миннатдорчилик билдирилди.

  

Самарқанд ветеринария медицинаси институти
Ахборот хизмати