29 Окт 2021

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ветеринария соҳасидаги ҳамкорлик кенгашининг 43-Ҳукуматлараро йиғилиши бўлиб ўтди

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ветеринария соҳасидаги ҳамкорлик кенгашининг 43-Ҳукуматлараро йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 28 октябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ветеринария соҳасидаги ҳамкорлик кенгашининг онлайн тарздаги 43-Ҳукуматлараро йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда кенгашга аъзо давлатлар соҳа мутахассислари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Джаббаров, раис ўринбосари Аброр Акбаров ҳамда қўмита масъул ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда МДҲга аъзо давлатлардаги эпизоотик вазият атрофлича муҳокама қилиниб, бу борада тегишли маълумотлар тақдим этилди.

Шунингдек, йиғилиш давомида МДҲга аъзо давлатларнинг 2020 йилгача бўлган даврда оқсил касаллигининг олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича қўшма чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш натижалари, парранда гриппи, Ньюкасл ва қутуриш касаллигининг олдини олиш, унга қарши кураш бўйича 2025 йилгача бўлган даврда қўшма ҳаракатлар мажмуаси доирасида 2020-2021-йилларда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Шу билан бирга тадбир давомида кенгашга аъзо давлатларнинг “2030-йилгача бўлган даврга мўлжалланган инновацион ҳамкорлигининг Давлатлараро дастури” доирасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самарадорлигига алоҳида урғу бериб ўтилди.

Йиғилиш якунида МДҲ давлатларининг “Ветеринария соҳасида ҳамкорлик тўғрисида” 1993 йил 12 мартдаги битимининг янги таҳрири лойиҳаси бўйича масалалар ҳамда келажакдаги ҳамкорлик истиқболларига тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, Кенгашга аъзо давлатларнинг навбатдаги йиғилишига раислик қилиш Ўзбекистон Республикасидан Қирғизистон Республикасига ўтказилди.


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Халқаро алоқалар бошқармаси