17 Июл 2017

АҲОЛИ ПУНКТЛАРИДА ИТЛАР ВА МУШУКЛАРНИ САҚЛАШ ҚОИДАЛАРИ

АҲОЛИ ПУНКТЛАРИДА ИТЛАР ВА МУШУКЛАРНИ САҚЛАШ ҚОИДАЛАРИ

Итларни сотиб олишда (ёки туғилганда) ва бошқа жойга кўчганда уларни тегишли давлат ветеринария бўлимларида рўйхатдан ўтказиш ва ҳар йили қайта рўйхатдан ўтказиш шарт!

Зотидан қатъи назар, 3 ойликдан бошлаб итлар вакцинация қилиниши керак. Янги сотиб олинган итлар, агар улар вакцинация қилинган муддат номаълум бўлса, сотиб олингандан кейин бир ҳафта муддатда вакцинация қилиниши ва рўйхатга олиниши керак.

Кўп қаватли уйнинг алоҳида квартирасида қўшниларнинг ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг розилиги билан биттадан ортиқ бўлмаган итни ва битта мушукни сақлашга рухсат берилади.

Алоҳида уйда итларни фақат боғланган ҳолда сақлашга йўл қўйилади.

Итлар очиқ жойларда сайр қилдирилганда ва турар жой биноларида итларнинг эгалари тинчлик сақланишини таъминлашлари — эрталаб соат 8.00 гача ва кечқурун 22.00 дан кейин итларнинг вовиллашининг олдини олишлари керак.

Ит очиқ жойларда сайр қилдирилганда у тумшуқбоғда ва 2 метргача узунликдаги етовда, жамоат жойларида 1 метргача узунликдаги етовда бўлиши керак, тумшуқбоғсиз ва етовсиз фақат махсус ажратилган майдонларда сайр қилдиришга рухсат берилади.

Итлар ва мушукларни жамоат транспортида олиб юришга рухсат берилмайди.

ҲАЙВОН ЭГАЛАРИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ:

Ҳайвон турадиган бино(жой) ва ем-озиқалари сақланадиган бино(жой)ларнинг лозим даражада сақланишини таъминлаш;

Ҳайвонни етарли миқдорда тегишли озиқа ва сув билан таъминлаш, соғлигини сақлаш, биологик жиҳатидан келиб чиқиб, керакли шарт-шароит яратиш;

Ҳайвон сақлашда ветеринария-санитария ва санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш;

Ҳайвонларни давлат ветеринария хизматида рўйхатдан ўтказиш;

Ҳайвонга ғамхўрлик қилиш;

Ҳайвонлар касалликларининг олдини олишга қаратилган ташкилий-хўжалик ва ветеринария тадбирларини ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириш (бундан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган тадбирлар мустасно);

Ҳайвонни ўзбошимчалик билан даволамаслик;

Ҳайвонлар сақланадиган жойларда дезинфекция, дезинсекция, дератизацияни ўз вақтида ўтказиши;

Давлат ветеринария хизмати кўрсатмаларини бажариш;

Ҳайвон ножўя ҳаракатларидан фуқаролар хавфсизлиги ҳамда атрофдагиларнинг тинчлигини таъминлаш;

Ахоли яшаш масканлари ва яйловларда ҳайвонларни ҳайдаб ўтиш қоидаларига амал қилиш;

Ҳайвонларнинг эгасиз боқилиши ва дайдиб кетишига йўл қўймаслик;

Ҳайвонни мунтазам ветеринария кўригидан ўтказиш, касалланиши, касалликка гумон қилиниши кузатилганда худудий давлат ветеринария хизматига ёки худудда хизмат кўрсатувчи белгиланган тартибда лицензияга эга бўлган ветеринария врачларига мурожаат қилиш;

Камида йилига бир марта лаборатория текширувлари учун ҳайвон қонини топшириш, белгиланган муддатларда профилактик эмлатиш ҳамда ҳайвон тўсатдан ўлиши, ноодатий ҳатти-ҳаракатлари кузатилганда худудий давлат ветеринария хизматига мурожаат қилиш ва ветеринария мутахассиси келгунга қадар ҳайвонни алоҳида сақлаш;

Атроф муҳитни ҳайвон чиқиндилари билан ифлослантирмаслик;

Ҳайвон жасади, ҳайвон бола ташлаши натижасида туғилган (аборт қилинган) ёки ўлик туғилган ҳомилани махсус ажратилган жойларга етказиш;

Агония ҳолатида (ўлим талвасасида) бўлган ҳайвонларни сўймаслик;

Ҳайвон сақланишидан чиққан чиқиндилар ва гўнгни рухсат этилган жойларга чиқариш мақсадида, ҳовлининг ички томонида ҳайвон сақланадиган бино(жой) атрофида умумий фойдаланиш жойларини ифлослантирмаган ҳолда вақтинча тўплаш;

Вақтинча тўпланган ҳайвон сақланишидан чиққан чиқиндилар ва гўнгни тўпланиб қолишига йўл қўймаслик;

Йўлларни, жамоат жойларини ҳайвон чиқиндилари билан ифлосланишини олдини олиш,  қон сўрувчи ҳашоратлар кўпайиб кетиши ва ноодатий ёқимсиз хидларни пайдо бўлишини олдини олиш;

Ҳайвонларни давлат ветеринария хизмати томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган тегишли ветеринария ҳужжатлари асосида:

сотиш;

совға қилиш(олиш);

сотиб олиш;

ташиш;

сўйиш учун топшириш ёки ҳайдаб ўтиш ҳамда яйловларга жойлаштириш(боқиш);

Давлат ветеринария хизмати