20 Май 2016

2016 йилнинг 19 май куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Инсонларнинг Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги

2016 йилнинг 19 май куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Инсонларнинг Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги

Маълумки, кунлар исиши билан бошқа ҳашоратлар каби каналарнинг ҳам уйғониши ва фаоллашиши кузатилади. Каналар ичида эса инсон ҳаёти учун хавфли бўлган Қрим-конго геморрагик иситма касаллиги қўзғатувчиларини ташувчиси бўлган иксод каналари ҳам мавжуд. Ушбу ҳолат фуқароларимиз саломатлиги муҳофазаси йўналишида самарали тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.

2016 йилнинг 19 май куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Инсонларнинг Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги ва уни олдини олиш бўйича республикамизда олиб борилаётган тадбирлар” мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.


 

Матбуот анжуманида, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда давлат ветеринария хизмати мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мазкур матбуот анжуманида Давлат ветеринария бош бошқармаси вакиллари иштирок этиб, Республикада инсонларнинг ўта хавфли юқумли касаллиги бўлган ҚКГИ касаллигини четдан кириб келиши ва табиий ўчоқлардан келиб чиқишининг олдини олиш борасида давлат ветеринария хизмати томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтилди.


Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги табиий ўчоқли инсонларнинг ўткир юқумли касаллиги бўлиб, одамларга касаллик одатда касаллик қўзғатувчиси билан зарарланган каналар чақиши орқали юқади. Бундан ташқари, касалланган организм билан контактда бўлганда (қон олиш, инъекция қилиш даврида кичик жароҳатлар (микро травма) бўлганда) юқади. Касаллик қўзғатувчи вирус, каналарда умрбод сақланиб, у ҳайвонларда вақтинча сақланади ва бугунги кунгача ҳайвонларнинг вирус ташувчанлик даври аниқланмаган.

Демак, касалликнинг асосий манбаи бўлиб, касалланган одамлар, касалланган каналар ва касаллик қўзғатувчиси билан зарарланган ҳайвонлар ҳисобланади.

Ушбу касаллик билан ҳайвонлар касалланмайди ва клиник белгилар намоён қилмайди. Ҳайвонлар касаллик қўзғатувчиси ва ташувчиси (каналар) учун резервуар бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистонда каналарнинг 100 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, каналарни табиатдан ажратиб олишнинг, мутлақо тугатишнинг имкони йўқ. Улар озиқасиз (кесаклар, тошлар ва бошқалар орасида) 10 йилгача яшаши мумкин. Касаллик вируси каналарнинг тухумларига ҳам ўтади ва каналарда умрбод сақланади. Каналар 20 000 тагача тухум қўяди ва хид билиш рецепторлари ўта ривожланган бўлиб, 1 км гача масофадан сеза олади.

Мазкур касалликни олдини олиш ва бартараф этишда аввало, оммавий ахборот воситалари орқали ҚКГИ касаллигининг олдини олиш мавзусида тушунтириш ва ташвиқот ишларин етарли даражада ташкил этиш ва ҚКГИ касаллиги профилактикаси бўйича маҳаллаларда семинар ва кўргазмали ташвиқот ишларини ташкил этиш самарали натижа беради.

Қолаверса, даволаш-профилактика муассасалари мутахассисларини ҚКГИ касаллиги бўйича хушёрлигини ошириш чораларини кўриш ва карантин ўта хавфли юқумли касалликлар маркази ва унинг филиал ҳамда бўлимлари (хўжалик ҳисобидаги дезинфекция отрядлари) томонидан табиий ўчоқли худудларда дератизация ва дезинсекция тадбирларини ташкил этилиши лозим бўлади.


Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «Ветеринария тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддасига мувофиқ Ҳайвон эгалари чорвачилик биноларида ва бошқа объектларда дезинфекция, дезинсекция ва дератизация ишларини ўз вақтида ўтказишга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган бўлиб, фуқаролар мазкур мажбуриятни амалга ошириши учун Республикамизда дезинфекция, дезинсекция ва чўмилтириш воситалари етарли миқдорда таъминот қилинган ва ахоли истеъмоли учун хусусий ветеринария дорихоналари орқали етказиб берилмоқда.


Матбуот анжуманида Қрим-Конго геморрагик истима касаллигини олдини олиш юзасидан батафсил тўхталиб, Қрим-Конго геморрагик иситма ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликлар билан курашиш нафақат тегишли хизматларнинг вазифаси бўлиб қолмасдан, балки кенг жамоатчилик, қолаверса ҳар бир фуқаронинг ҳам вазифаси эканлиги қайд этилди.

Шундай бўлган тақдирдагина биз кўзлаган мақсадимизга, яъни аҳолини инсон ва ҳайвонлар учун умумий бўлган юқумли касалликлардан муҳофаза қилишга эришишимиз мумкин.