19 Дек 2016

МАТБУОТ АНЖУМАНИ

МАТБУОТ АНЖУМАНИ
2016 йилнинг 19 декабрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, чорва молларини касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда уларни даволаш, шахсий, деҳқон ва фермер хўжаликларида ветеринария-санитария ҳолати барқарорлигини таъминлаш орқали аҳолини сифатли чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида “Ветеринария хизмати: сифат ва самара” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари, Давлат ветеринария бош бошқармаси ва унинг тизим ташкилотлари раҳбар ва мутахассислари, идоравий ветеринария хизмати вакиллари иштирок этди.



Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, истиқлолнинг илк кунлариданоқ иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, халқимиз турмуш даражасини ошириш йўлида томорқа учун ер майдонлари ажратиш, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш, аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш учун кенг имкониятлар яратилди.

Бунда соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилгани, хусусан Ўзбекистон Республикасининг “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги ва “Ветеринария тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа бир қатор қонун ва қонун ости ҳужжатлари қабул қилингани муҳим омил бўлмоқда.

2015 йил 29 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ветеринария соҳасининг янада ривожланишида катта аҳамият касб этмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ялпи улушининг қарийб 45 фоизи чорвачилик ҳиссасига тўғри келмоқда. Бунга чорва молларини кўпайтириш ва маҳсулдорликни ошириш ҳисобига эришилмоқда. Мисол учун, 2006–2016 йилларда Украина, Беларусь, Польша, Австрия, Германия, Голландия каби мамлакатлардан 69 мингга яқин юқори зотдор қорамоллар олиб келинди.

Чорва молларнинг наслини яхшилаш мақсадида биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1 млн 416 минг бош сигирлар сунъий уруғлантирилди.


Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ветеринариянинг асосий вазифаларидан бири бу, аҳолини одам ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилиш ҳисобланади. Ёки бир сўз билан айтганда “Тиббиёт инсонни даволаса, ветеринария инсониятни асрайди”!

Шу мақсадда, давлат ветеринария хизмати томонидан эпизоотияга қарши профилактик тадбирлар эпизоотик вазият ва ҳайвонларнинг иммун фонидан келиб чиқиб, белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилмоқда.

Шунингдек, аҳоли ўртасида инсонлар ва ҳайвонлар учун умумий бўлган юқумли касалликлар бўйича хабардорлигини ошириш ва “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан тушунтириш ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Ўтган давр мобайнида соҳанинг моддий-техника базаси ва хизмат кўрсатиш салоҳияти сезиларли даражада шаклланди. Жумладан, жорий йилда Бухоро ва Хоразм вилоятларида жаҳон андозаларига мос замонавий типдаги ҳудудий диагностик ветеринария лабораториялари янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, ўтган 2015-2016 йиллар давомида 2 минг 630 тадан ортиқ термосумкалар харид қилиниб, эмламаларни белгиланган ҳароратларда олиб юриш ва патологик намуналарни яроқли ҳолда ветеринария лабораторияларига етказиш мақсадида жойларга етказилди.

Шу билан бирга, 1 минг 900 тадан ортиқ совутгичлар ва 470 тадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини ўрганишда зарур бўлган лактан ва микон лаборатория жиҳозлари таъминот қилинди.

Давлат ветеринария хизматининг ўз маблағлари ҳисобидан аҳоли тарқоқ жойлашган худудларда фаолият кўрсатаётган участка ветеринария врачлари ишининг тезкорлигини янада ошириш мақсадида ветеринария участкалари марказлашган ҳолда 185 та мототранспорт, 220 та велосипед, қарийб 500 та қўл пуркагичлари, 200 та термосумкалар ва 100 та дьюар идишлари билан таъминланди.


Ўтказилаётган тадбирларнинг самарасини янада ошириш мақсадида белгилаб берилган янги тизимга мувофиқ ветеринария мутахассисларидан иборат гуруҳлар ташкил қилиниб, гуруҳ усулида профилактик тадбирлар олиб борилмоқда ва бу тадбирлар Эпизоотик тадбирлар бажарилишини мувофиқлаштирувчи Республика штаби томонидан алоҳида назоратга олинган.

Эпизоотияга қарши профилактик тадбирлар тизимли равишда олиб борилиши натижасида бугунги кунда Республикамиз худудида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари бўйича соғлом эпизоотик вазият барқарор сақланиб, ветеринар осойишталик таъминланмоқда.

 Давлат ветеринария  бош бошқармаси