5 Авг 2022

Сирдарёда чорвачиликдаги лойиҳалар самарадорлиги таҳлил қилинди

Сирдарёда чорвачиликдаги лойиҳалар самарадорлиги таҳлил қилинди


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятида давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 8 февралда имзолаган “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни мониторинг  қилмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан вилоятда аҳоли хонадонларига кооперация усулида чорва моллари етказиб бериш ва етиштирилган чорва маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнларини батафсил ўрганилмоқда. Аҳолига кооперация асосида хонаки парранда тарқатиш, тарқатилган паррандаларга ветеринария хизматлари кўрсатилиши, шунингдек ушбу лойиҳанинг ҳудудлар бўйича самарадорлиги таҳлил қилинмоқда.

Таъкидлаш керак, 2022 йилда чорвачиликни ривожлантириш дастури доирасида вилоятда умумий қиймати  435,5 млрд.сўмлик 97 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Жумладан, қорамолчиликда умумий қиймати 138,6 млрд.сўмлик, 3797 бош қорамол парвариш қилишга ва 249 та янги иш ўринлари яратишга мўлжалланган 44 та лойиҳа ишга туширилмоқда.

Паррандачиликда умумий қиймати 17 млрд.сўмлик қуввати 300 минг бош парранда боқишга мўлжалланган 15 та лойиҳа, балиқчиликда умумий қиймати 50,5 млрд.сўмлик, 2823 тонна балиқ етиштиришга мўлжалланган 11 та лойиҳа, асаларичиликда умумий қиймати 2,3 млрд.сўмлик 1740 дона асалари оиласини ташкил этиш бўйича 6 та лойиҳа, қуёнчиликда умумий қиймати 1,7 млрд. сўмлик 1500 бош қуён боқишни ташкил этишга мўлжалланган 2 та лойиҳа, йилқичиликда қиймати 1 млрд.сўмлик 1 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш давлат қўмитаси
Ахборот хизмати