5 Янв 2023

Ўтган йил сарҳисоби ва бу йилги вазифалар ижроси таҳлил қилинди

Ўтган йил сарҳисоби ва бу йилги вазифалар ижроси таҳлил қилинди
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Джаббаров раҳбарлигида ҳудудий тузилмалар ва Қўмитанинг масъул ходимлари иштирокида видеоконференция шаклида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда ҳайвонлар орасида юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш ва аҳоли истеъмоли учун сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берилиши юзасидан 2022 йил давомида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди ҳамда 2023 йилда амалга оширилиши зарур бўлган долзарб-устувор вазифалар белгилаб олинди.

Жумладан, 2022 йил давомида давлат ветеринария хизмати фаолиятида яратиб берилган шароитлар, моддий-техник базани мустаҳкамлаш борасида олиб борилган ишлар, республикада ҳайвонлар орасида ўта хавфли юқумли касалликлар келиб чиқишининг олди олиниб, эпизоотик барқарорликка эришилганлиги айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам кўрсатилиб, тегишли тузилма раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, келгусида такрорланмаслиги бўйича кўрсатмалар берилди.

2023 йилда республика ҳудудига ҳайвонлар касалликларининг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган профилактик тадбирлар белгилаб олинди.

Маълумот учун, Бутун жаҳон ҳайвонлар саломатлиги ташкилотининг маълумотига кўра, жорий йилда ҳайвонлар орасида дунёнинг 75 та давлатида оқсил, нодуляр дерматит, куйдирги, қўйлар чечаги, чўчқалар ўлати, қутуриш ва 67 та давлатда паррандаларнинг ўлат ва Ньюкасл касалликлари ва  8 та давлатида турли ҳайвон (ит, мушук, норка)ларда COVID-19 касалликлари аниқланиб, кўплаб ҳайвонлар ва паррандаларнинг нобуд бўлишига сабаб бўлган.

Шунингдек, республикамизга чегарадош ва савдо алоқалари ўрнатилган Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Афғонистон давлатларида ҳам куйдирги, оқсил, нодуляр дерматит, парранда гриппи касаллигининг қўзғатувчилари аниқланган.

Шу билан бир қаторда, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган чорвачиликни ривожлантириш кўрсатгичлари ва статистик маълумотлар бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.