21 Окт 2023

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобиловнинг байрам табриги

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобиловнинг  байрам табриги
Азиз юртдошлар, қадрли ветеринария ва чорвачилик соҳаси ходимлари!
Барчангизни миллий байрамларимиздан бири бўлган - Ўзбек тили байрами, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 34 йиллиги муносабати билан самимий муборакбод этаман. Бугунги байрам халқимизнинг миллий мустақиллиги тимсоли, аждодларимиз орзусининг рўёби, мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элатларнинг якдиллиги тантанаси бўлиб, кенг миқёсда нишонланмоқда.
Сўнгги йилларда ўзбек тилига эътибор давлат сиёсати даражасида аҳамият берилиб, она тилимизнинг нуфузини ошириш бўйича кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Давлат тили мақоми берилган бошқа тиллар сингари ўзбек тилимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни ва мавқеи бор. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-, 76- ҳамда  78-сессияларида жаранглаган она тилимиз давлатимизнинг ривожланган мамлакатлардан кам эмаслигини яна бир бор исботлади. Шу тилда сўзлаётганлар сони  50 миллиондан зиёдлиги билан дунё бўйича 27-ўринда туриши, 6 та барқарор туркий тиллардан бири ҳисобланиши биз учун шарафдир. Мамлакатимизда барча ёзишмалар ўз тилимизда, яъни давлат тилида амалга оширилмоқда. Соҳалар бўйича янги атамаларнинг тилимиздаги муқобиллари билан алмаштирилмоқда.
Янги Ўзбекистонни барпо этишда она тилига эътибор маёқ каби йўлбошчи бўлиши даркор.
Аждодларимиз томонидан бизгача сақланиб, сайқалланиб келаётган она тилимизни келажак авлодларга соф ҳолда етказиш, шу тилда гўзал асарлар яратиш, илмий кашфиётлар яратиш, халқаро миқёсда ҳам мулоқот воситасига айланишини таъминлаш ўзини ватанпарвар ҳисоблайдиган ҳар бир кишининг муқаддас бурчи ҳисобланади. Зеро, она тили – миллатнинг руҳи демак. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш, бойитиш миллий юксалишдир.
Азизлар, сизларни бугунги байрам билан яна бир бор қутлаган ҳолда, соғлик, омонлик, ризқи фаровонлик тилайман. Байрамларимиз байрамларга уланаверсин!