15 Окт 2023

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасираисининг байрам табриги

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасираисининг байрам табриги
Қадрли опа-сингиллар!

Авваламбор, барчангизни юртимизда кенг нишонланаётган 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан самимий муборакбод этаман!

Айни чоғда юртимизда 9 миллионга яқин хотин-қизлар қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади. Қишлоқ хўжалиги ишчиларининг тахминан  50 фоизи аёллардир. Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда эркаклар қатори Сизнинг ҳам катта ҳиссангиз борлигини эьтироф этамиз.

Бугун ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида аёллар фаол иштирок этишмоқда. Уларнинг меҳнатсеварлиги, ақлу заковати, ишбилармонлиги ва ҳар бир жабҳада доимо олға интилиб, юртимиз равнақига ҳисса қўшиб келаётганликлари таҳсинга сазовор, албатта.

Айниқса, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида фаолият юритаётган, турмуш тарзининг янада фаровон ва тўкис бўлиши учун меҳнат қилаётган барча опа-сингилларимизнинг ўзига хос меҳнатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли.

Ҳеч истисносиз, барча қишлоқ аёллари ҳеч бўлмаганда ёрдамчи хўжаликларда ва фермер хўжаликларида ишлаб, уй хўжалиги истеъмоли учун озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Самимий, меҳнатсевар ва ғайрат-шижоатга бой қишлоқ аёллари бугунги кунда фарзанд тарбияси, уй-рўзғор ишларига чалғиб қолмай, серқирра фаолият билан машғул экани, натижада қишлоқ аёллари орасидан ҳам таниқли олима ва шифокор, ветеринар, муаллима ва тадбиркорлар етишиб чиқаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ.

Азиз қишлоқ аёллари!

Оилаларда доимо тинчлик-хотиржамлик, қишлоқларимизда фаровон ҳаёт ҳукмрон бўлишида, юртимиздаги файзу барака ва ҳамжиҳатликда сизларнинг ҳиссангиз беқиёс.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни “Халқаро қишлоқ аёллари куни” билан чин кўнгилдан муборакбод этаман! Хонадонингиздан файз-барака, юзингиздан табассум аримасин.

Байрамингиз муборак бўлсин!


Баҳром Норқобилов,

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси