2017 йил 27-29 сентябр кунлари Тошкент шаҳрида Ҳалқаро Эпизоотик Бюронинг ғарбий Евро Осиё мамлакатлари учун ҳайвонлар соғлиғи доирасидаги тадбири бўлиб ўтди
Бугун биз Ўзбекистонда барча соҳалар каби ветеринария соҳасида ҳам амалга оширилаётган бир қатор ислоҳотларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Мустақиллик йилларида ветеринария соҳасида умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўла мос келадиган қонунчилик тизими шакллантирилиб, соҳада кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди, мамлакатда эпизоотик барқарорликни таъминлаш ҳамда ўта хавфли юқумли касалликларнинг тарқалишини ўз вақтида профилактика қилиш ва уларга қарши курашишнинг самарали тизими йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилиниши ва мазкур қонун ижросини таъминлаш юзасидан қабул қилинган бир қатор ҳукумат қарорларининг ҳаётга тадбиқ этилиши соҳанинг тубдан янгиланишига, янада ривожланишига муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Хеч иккиланмай айтишимиз мумкин-ки, бугун ветеринария хизмати тубдан ислоҳ қилиниб, соҳанинг тараққиёти янги босқичга ўтди десак муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 июндаги Фармонига мувофиқ алоҳида Вазирлик мақомида Давлат ветеринария қўмитасининг ташкил этилиши, ветеринария лабораторияларини жаҳон андозаларига мувофиқлаштириш мақсадида ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги марказларига айлантирилиши, Давлат ветеринария хизматининг вертикал бошқарув тизимини шакллантирилиши каби соҳада амалга оширилган ислоҳотлар шулар жумласидандир.
Шу билан бир қаторда, соҳани ривожлантириш босқичида халқаро ташкилотлар ва халқаро молия институтлари билан ўзаро ҳамкорликлар кенгайтирилмоқда. Жумладан, Халқаро Эпизоотик Бюро, Жаҳон банки, Қишлоқ хўжалиги тараққиёти ҳалқаро жамғармаси, Жанубий Кореянинг ҳалқаро ҳамкорлик агентлиги каби бир қатор ҳалқаро ташкилотлар билан ҳамкорликлар йўлга қўйилди.
Бугун инсоният глобал ечим талаб этадиган бир қанча муаммоларга дуч келмоқда. Бундай муаммолардан бири бу, инсонлар ва ҳайвонлар ўзаро муносабатда яшаб турган атроф муҳитда вужудга келаётган юқумли касалликларнинг тарқалишидир.
Маълумки, юқумли касалликларнинг 70-75 фоизи инсонларга ҳайвонлардан юқади. Ҳайвонлар инсонлар учун тўғридан тўғри зооантропоноз касалликлар манбаи бўлиши билан бирга, улар кўпчилик инсон касалликларининг ташувчиси бўлиб ҳам ҳисобланади.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра дунё бўйича бир неча ўн минглаб одамлар айнан зооантропоноз касалликлар туфайли вафот этмоқда. Бундай вазиятда дунё миқёсида ушбу касалликларни олдини олишни мувофиқлаштирилишида Ҳалқаро Эпизоотик Бюро алоҳида ўрин эгаллайди.
Тошкентда ҳайвонлар соғлиғи доирасида ташкил этилган тадбир айнан зооантропоноз касалликлардан бўлган “Бутун дунёда қутуриш касаллигига қарши курашиш куни”га бағишлаб ўтказилаётганлиги ҳам бежиз эмас албатта.
Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилоти (Ҳалқаро Эпизоотик Бюро) 1924 йилда Жаҳонда ҳайвонлар касалликларини тарқалиб кетишини олдини олиш, ҳайвонлар соғлиғини сақлаш, уларни даволаш ва шу орқали инсонларни турли юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш ҳамда бутунжаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида ташкил этилган.
Халқаро Эпизоотик Бюронинг олий органи Делегатларнинг Бутунжаҳон Ассамблеяси ҳисобланиб, ҳар йили май ойида Бюронинг штаб квартираси жойлашган Париж шаҳрида аъзо мамлакатларнинг делегатлари (Бош ветеринария инспекторлари) бош сессияси бўлиб ўтади. Ушбу бош сессияда барча аъзо мамлакатларда бирдек кучга эга бўлган тегишли қарорлар, резолюциялар қабул қилинади ва бошқа ташкилий ва зарурий масалалар кўриб чиқилади. Бугунги кунда ташкилотнинг аъзо мамлакатлари сони 180 дан ортган бўлиб, Ўзбекистон 1992 йил 9 октябрда аъзо этиб қабул қилинган.
Бугунги кунда мамлакатимизда Халқаро Эпизоотик Бюронинг Халқаро ветеринария кодекси, ташхислаш ва даволаш бўйича қўлланмалари, тавсиялари ҳамда қабул қилинган халқаро меъёрлар асосида ветеринария иши ташкил этилмоқда.
Шунингдек, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт ва импорт қилинишида Бюронинг алоҳида ўрни бўлиб, мамлакатимизга четдан юқумли касалликларни кириб келишини олдини олиш борасида Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси томонидан Бюро билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган.
Ветеринар осойишталикни таъминлашга қаратилган ҳалқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг октябр ойида Ҳалқаро Эпизоотик Бюронинг бош директори Моника Элуанинг мамлакатимизга расмий ташрифи кутилмоқда.
Бу ташриф натижасида ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, келгусида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифаларни белгилаб олиш имконияти яратилади.
Давлат ветеринария қўмитаси ва Халқаро Эпизоотик Бюро ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу ҳалқаро тадбир 28 сентябр – “Бутун дунёда қутуриш касаллигига қарши курашиш куни”га бағишланади.
Бу кун қутуриш касаллигин тарқалиши ва унинг оқибатлари муаммоларига бутун дунё ахолисини эътиборини қаратиш мақсадида
2007 йилдан бери нишонлаб келинмоқда. Айнан 28 сентябрни танланиши бежиз эмас. 1895 йил айни шу кунда қутуришга қарши вакцина ихтирочиси буюк олим Луи Пастер вафот этган.
Қутуриш касаллиги ўткир табиий-ўчоқли инсон ва ҳайвонлар учун умумий бўлган юқумли касаллик ҳисобланиб, бу билан инсонлар ҳайвонлар тишлаши натижасида касалланади.
Таҳлилий маълумотларга кўра ҳар йили дунё бўйича 10 млн.дан ортиқ инсонлар ҳайвонлар етказадиган турли даражадаги жароҳатлардан азият чекади ва 4 млн.дан ортиқ инсонларга антирабик ёрдам кўрсатилади.
Ушбу касалликдан 1 млн. бошдан ортиқ ҳайвонлар нобуд бўлади ва бунинг натижасида 55 мингдан ортиқ инсонлар касалланиб, вафот этади.
Бу йил биринчи марта мамлакатимизда “Бутун дунёда қутуриш касаллигига қарши курашиш куни”га бағишлаб Давлат ветеринария қўмитаси томонидан Ҳалқаро Эпизоотик Бюро билан ҳамкорликда 27-29 сентябр кунлари Ғарбий Евро Осиё давлатлари иштирокида ҳалқаро тадбир ташкил этилмоқда.
Ушбу тадбирда 20 га яқин давлатлардан Ҳалқаро Эпизоотик Бюронинг Ҳайвонлар соғлиғи бўйича миллий координаторлари, соҳа мутахассислари ҳамда Европанинг илғор университетлари вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбирнинг биринчи кунида отларнинг касалликлари ва ҳалқаро ветеринария кодексидаги ўзгартириш ва қўшимчалар кўриб чиқилган бўлса, иккинчи кунида эса, “Бутун дунёда қутуриш касаллигига қарши курашиш куни” муносабати билан маърузалар тингланди ва тадбир иштирокчилари Тошкент давлат аграр университети талабалари билан учрашиб, дунёда қутуриш касаллигига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тақдимотлар ўтказилди ҳамда ҳалқаро ветеринария мутахассислари томонидан Тошкент давлат аграр университетида мастер класслар намойиш қилинди.
Тадбирнинг учинчи куни “Назоратсиз ва дайди итлар билан курашиш” мавзусидаги маъруза ва тақдимотлар билан давом эттирилди ва бу касалликни олдини олиш ҳамда қарши курашиш юзасидан Шарқий Евро Осиё худуди бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди ва қизғин муҳокама қилиниб, тегишли тавсия ва таклифлар қабул қилинди.
Давлат ветеринария қўмитаси