Қўмита ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 мартдаги «Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-5696-сон Фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» ПҚ-4254-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган.
Қуйидагилар қўмитанинг асосий вазифалари сифатида белгиланган:
- ветеринария, чорвачилик ва наслчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, ушбу соҳада давлат, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, ветеринария фаолиятини лицензиялашни амалга ошириш;
- ветеринария соҳаси ва чорвачиликнинг барча тармоқларини, шу жумладан, қорамолчилик, қўйчилик, қоракўлчилик, эчкичилик, йилқичилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва қуёнчиликни ривожлантириш, наслчилик-селекция ишларини мувофиқлаштириш ҳамда ушбу йўналишлар бўйича мақсадли давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- мамлакат ҳудудларини ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан ҳимоя қилишни таъминлаш, амалиётга ҳайвонларни даволашнинг ва профилактикасининг замонавий усулларини жорий этиш, маҳаллий ва хорижий фан ютуқларини татбиқ этиш асосида ветеринария дори воситаларининг янги турлари ва шаклларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
- эпизоотик осойишталикни таъминлашда ҳайвонларнинг юқумли касалликларини ўз вақтида аниқлаш, ташхис қўйиш ва тарқалишининг олдини олишга доир профилактика ишларининг самарадорлигини мониторинг қилиш;
- чорвачилик ва наслчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ягона механизмларини амалга ошириш, чорвачилик хўжаликларига озуқа етиштириш учун ажратилган ер майдонларида чорва озуқа экинларини жойлаштиришни ташкил этиш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришишни мониторинг қилиш;
- чорвачилик тармоқларида ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш ишларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини зоти бўйича районлаштириш;
- ветеринария ва наслчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳамда ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифати ва муомаласи юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;
- ветеринария ва наслчилик-селекция соҳаларида илмий, услубий ва таълим салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш, илмий тадқиқотлар йўналишларини белгилаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар, инновация ишланмалари натижалари ветеринария ва наслчилик-селекция амалиётига жорий этилишини мувофиқлаштириш;
- чорвачилик маҳсулотларини халқаро талабларга мувофиқ сертификатлаштириш ва стандартлаштиришни таъминлаш, сифат менежментининг замонавий усулларини кенг жорий этиш, ветеринария ва чорвачилик соҳаларига хорижий инвестициялар ва грант маблағларини жалб қилиш;
- соҳа кадрларини тизимли тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш, раҳбар ҳамда мутахассисларнинг иш услуби ва шаклларини такомиллаштириш.