Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг коррупцияга қарши курашиш борасида соҳа мутахассисларига мурожаати
Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг коррупцияга қарши курашиш борасида соҳа мутахассисларига
мурожаати
Бугунги кунда Республикамизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантирадиган махсус ваколатли давлат органи ташкил этилгани коррупцияга қарши курашни янги босқичга олиб чиқиш вақти етганини кўрсатади.
Коррупция – фуқароларнинг ижтимоий адолатга ва давлат органларига нисбатан ишончини сусайтириб, мамлакатнинг иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, жамиятдаги маънавий муҳитни бузилишига ҳам олиб келади. Шу боис ушбу иллатга қарши кўрашиш ва унинг олдини олиш бугуннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Мамлакатимизда коррупцияни енгиш, ҳокимият амалдорларининг ҳалол ишлашини таъминлаш, бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш, тадбиркорлар олдида турган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, халққа ва тадбиркорларга халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида 2017 йил 4 январдан «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирди. Ушбу Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимда коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ фаолиятни такомиллаштириш учун комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Давлат Раҳбарининг коррупцияга қарши курашга доир топшириқларининг ижросини сўзсиз таъминлаган ҳолда, бу иллатнинг олдини олиш ва профилактика қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, коррупция хавфини баҳолаш, ходимларни коррупцияга қарши курашишга ўргатиш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат органлари ва муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматлар электрон ахборот тизими орқали амалга оширилиши жорий этилди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат органлари ва муассасаларининг асосий фаолият йўналишларида, жумладан:
- давлат ветеринария назоратини амалга ошириш ва эпизоотияга қарши тадбирлар ўтказилишини таъминлашда;
- мамлакат ҳудуди ҳайвонларнинг юқумли касалликлари олиб кирилишидан муҳофаза қилинишида, ҳайвонлар соғлиғини профилактика қилиш ва даволашда;
- ветеринария фаолиятини лицензиялашни амалга ошириш ветеринария даволаш-профилактика фаолиятини бошлаганлик тўғрисидаги хабарномаларни қабул қилиш ва уларнинг реестрини юритишга оид;
- давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларнинг Ўзбекистон Республикасига олиб кирилишига ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилишига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзитига белгиланган тартибда рухсатнома беришда;
- маҳаллий ва импорт қилинадиган ветеринария дори воситалари ҳамда озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказишни ва уларга рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларини беришни амалга оширишда;
- ветеринария соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича чора-тадбирларни тизимли асосда ўз вақтида ишлаб чиқишни ва сифатли амалга оширишни ташкил этишни таъминлаш жараёнларида;
- идоравий ҳамда ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматининг ҳайвонларни касалликлардан ҳимоя қилиш, ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё хавфсизлигини таъминлашга доир фаолиятини мувофиқлаштириш ишларида коррупциявий ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ва уларни содир этишга йўл қўймаслик, коррупциявий хавф-хатарларга кўмаклашувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган превентив чора-тадбирларни амалга оширишни ўзимизга устувор вазифа қилиб олишимиз даркор.
Бунда ватанпарварлик, содиқлик ва масъулиятни фаолиятнинг асосий тамойилига айлантирган ҳолда, ҳар бир мутахассис ходим олдига қўйилган вазифаларни виждонан, ҳолис ва юқори савияда амалга ошириши лозим.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, коррупция холатлари билан боғлиқ аризалар ёки шикоятлар, уларни бартараф этиш бўйича таклифларни Қўмитага расмий алоқа каналлари орқали юборишингизни сўраймиз.
Халқимиз хизматида эканмиз, ҳалолликни, ошкораликни ҳамда коррупцияга қарши мутлақо тоқатсизликни намойиш этишга тайёрмиз.
Бахромжон НОРҚОБИЛОВ