23 Июл 2024

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг коррупцияга қарши курашиш борасида фуқаролар, тадбиркорлар ва соҳа мутахассисларига мурожаати

Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда Республикамизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланиб улгурди.

Бежизга эмас, Давлатимиз раҳбари ҳам ушбу иллатнинг нақадар хавфли эканлигини ҳар сафар такрор ва такрор таъкидлайдилар.

Мамлакатимизда давлат ва жамият бошқарувининг турли соҳаларидаги коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш борасида кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда.

Сўнгги йилларда бу бўйича яратилаётган ҳуқуқий база ҳам бу ишлар қатъийлик билан жадал такомиллашаётганини англатади.

Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг тасдиқланиши юртимизда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирларни самарали амалга оширилишини таъминлади.

Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тизимда коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ фаолиятни такомиллаштириш мақсадида комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Давлат Раҳбарининг коррупцияга қарши курашга доир топшириқларининг ижросини сўзсиз таъминлаган ҳолда, бу иллатнинг олдини олиш ва профилактика қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, коррупция хавфини баҳолаш, ходимларни коррупцияга қарши курашишга ўргатиш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш  давлат органлари ва муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматлар электрон ахборот тизими орқали амалга оширилиши жорий этилди.

Асосий фаолиятимиз йўналишларида, жумладан:

- ветеринария, чорвачилик ва наслчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда;

- давлат ветеринария назоратини амалга ошириш ва эпизоотияга қарши тадбирлар ўтказилишини таъминлашда;

- мамлакат ҳудудларини ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб  келишидан муҳофаза қилинишида;

-  ҳайвонлар соғлиғини профилактика қилиш ва даволашда;

- ветеринария фаолиятини лицензиялашни амалга оширишда;

- давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларнинг мамлакатимиз худудига олиб кирилишига ва олиб чиқилишига, шунингдек, транзитига белгиланган тартибда рухсатнома беришда;

- маҳаллий ва импорт қилинадиган ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифати ва муомаласи юзасидан давлат назоратини амалга оширишда;

- чорвачилик тармоқларида ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш ишларини ташкил этишда коррупциявий ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ва уларни содир этишга йўл қўймаслик, коррупция омиллари ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни ўзимизга устувор вазифа қилиб олишимиз даркор.

Бунда ватанпарварлик, содиқлик ва масъулиятни фаолиятнинг асосий тамойилига айлантирган ҳолда, ҳар бир мутахассис ходим олдига қўйилган вазифаларни виждонан, ҳолис ва юқори савияда амалга ошириши лозим.

Давлат хизматчиси энг аввало юраги, виждони ва қўли тоза, кўнгли очиқ, ақл ва заковат соҳиби бўлса, у албатта эл-юрт ишончини, меҳрини ва эътиборини қозона олади. Шундай экан, гўзал ва бетакрор юртимизнинг бугунги ва эртанги куни, ёруғ келажаги учун авваламбор ўзимиз масъул эканлигимизни унутмайлик.

Ҳурматли фуқаролар, тадбиркорлар ва соҳа ходимлари !

Мазкур мурожаатим орқали коррупция холатлари билан боғлиқ аризалар ёки шикоятлар, уларни бартараф этиш бўйича таклифларни Қўмитага расмий алоқа каналлари орқали юборишингизни сўрайман.

Халқимиз хизматида эканмиз, ҳалолликни, ошкораликни ҳамда коррупцияга қарши мутлақо тоқатсизликни намойиш этишга тайёрмиз.

 

Бахромжон НОРҚОБИЛОВ