ҚОРАМОЛЛАРНИНГ НОДУЛЯР ДЕРМАТИТИ
ҚОРАМОЛЛАРНИНГ НОДУЛЯР ДЕРМАТИТИ
Қорамолларнинг нодуляр дерматити (Dermatitis nodularis bovum; заразный узелковый дерматит) – контагиозли чегара билмас вирус касаллиги бўлиб, давомли иситма, некрозланувчи ўчоқли тери бўртмалари (ғадир-будур шиш), тарқалган лимфаденит, кўз, нафас олиш ва овқат ҳазм қилиш аъзолари шиллиқ пардаларининг жароҳатланиши билан характерланади. Бу касаллик билан, баъзан, қўй, эчки ва буйволлар ҳам касалланиши мумкин [1; 2; 3].
Жаҳонда қорамолларнинг нодуляр дерматити бўйича эпизоотик ҳолатнинг бироз мураккаблашганлиги, тарқалиш ареали мамлакатимизнинг чегара ҳудудларига яқин бўлганлиги ва хавф солиш мумкинлиги ушбу касаллик ҳақида маълумот беришни тақозо қилмоқда.
Тарқалиши. Қорамолларнинг нодуляр дерматити (НД) Марказий ва Жанубий Африка мамлакатлари, Мадагаскар, Ҳиндистон мамлакатларида қайд этилган. Кейинчалик Яқин Шарқ мамлакатларида, 2014-2016 йиллар мобайнида қорамолларнинг НД Туркия, Озарбайжон, Ливан, Ироқ, Эрон, Миср, Кипр, Россия Федерацияси, Доғистон, Чеченистон Республикалари, Арманистон, Греция, Болгария, Македония, Сербия, Черногория, Албания, Қозоғистон давлатлари ҳудудларида қайд этилди [1; 3; 4].
Иқтисодий зарари. Иқтисодий зарар сигирларда сут маҳсулдор-лигининг кескин камайишидан, сут, тери маҳсулотлари сифатининг ва тирик вазннинг пасайиши, ўлик ҳомила ташлаш, бепуштлик, баъзан, шартли патоген микрофлора таъсири натижасида ҳайвоннинг нобуд бўлиши, даволаш ва ветеринария-санитария тадбирларини ўтказиш харажатларидан келиб чиқади.
Этиологияси. Касаллик қўзғатувчиси Poxviridае оиласи Capripoxvirus авлодига мансуб ДНК- сақловчи вирус бўлиб, қўй-эчкилар чечаги вирусига антигенлик жиҳатидан яқин.
Бу вирус билан йирик шохли ҳайвонлар, қўй, эчки, қуён, денгиз чўчқалари касалланади. Касал ҳайвонларда НД вируси тери бўртмаларида, мушаклар, шиллиқ пардалар, қон, сўлак, уруғда бўлади ва 11-12 кун сақланади. Уни ажратишда 5-7 кунлик товуқ эмбриони ишлатилади.
Вирус ташқи муҳитнинг физикавий ва кимёвий таъсирларга нисбатан чидамли. Вирус касалланган ҳайвонлар териси бўртмасининг қора қўтирида қоронғи жойда совуқда (+40С) 6 ойгача фаол сақланиши мумкин [1;4;5]. Вирус +550С да 2 соатда, +650С да 30 дақиқада фаолсизланади, 1% ли формалин, 2% ли фенол, 2-3% ли гипохлорид натрий эритмаларига сезгир.
Нодуляр дерматитга зоти, жинси, ёшидан қатъий назар қорамоллар, айниқса Европа зотларига мансуб соғин сигирлар ва буйволлар мойил. Қўй-эчкиларнинг касалланиши ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. Жирафа ва антилопалар НД вируси билан экспериментал зарарлантиришга ўта сезгир. Касаллик одатда эпизоотия ҳолида намоён бўлади.
Инфекция қўзғатувчиси манбаи бўлиб, касал ва касаллик латент кечаётган ҳайвонлар ҳисобланади. Вирус инкубация даврида ва ҳайвоннинг касаллик даврида жароҳатланган тери соҳаларидан, сўлак, уруғ, сут, кўз ва бурундан ажратилган суюқликлар орқали ажралади.
Вируснинг бир ҳайвондан иккинчисига ўтиш йўллари кам ўрганилган. У асосан трансмиссив йўл – механик ташувчанликка гумон қилинаётган ҳашаротлар орқали узатилади деган маълумотлар мавжуд. Чунки, касаллик айниқса, иссиқ ва намли мавсумда, нам, балчиқли ҳудудларда кўпроқ учрайди. Аммо ҳозиргача вирус ташувчилар доираси аниқланмаган. Қон сўрувчи ҳашаротлардан (пашша, эшакқурт, каналар) вирусни ажратиб олишга қаратилган бир нечта тадқиқотлар натижасиз якунланган. Айрим олимлар вирус паррандалар орқали механик тарқалади деб ҳисоблашади. Касаллик тўсатдан, бир вақтнинг ўзида бир-биридан узоқда жойлашган манзилларда пайдо бўлиб жуда тез тарқалади.
Узатиш омиллари сифатида сут, уруғ, озуқа, сув, транспорт ва бошқа ташқи муҳит объектлари ҳисобланади. Вирус касал ва соғлом ҳайвонларнинг бевосита контакти, жинсий йўл, бузоқларда эса сут орқали юқиши мумкин.
Касалланиш даражаси организмнинг зот хусусиятлари ва резистентлигига боғлиқ ҳолда 5-45% ни ташкил этади. Йирик шохли ҳайвонлар НД да ўлим даражаси 10-45% гача бўлиши мумкин, лекин кўпинча 1-5% ни ташкил этади. Касалликдан табиий шароитда соғайиш 90% гача бўлиши мумкин. Касаллик, асосан 4 ҳафтагача давом этади, асоратли кечса ёки секундар инфекциялар туфайли бу муддат чўзилиши мумкин.
Кечиши ва клиник белгилари. Касалликнинг инкубацион даври 3-30 кун, табиий шароитда инкубацион даври 2-4 ҳафта, экспериментал шароитда 7-8 кунни ташкил этади [3; 5 ; 6]. Одатда вирус суспензияси тери ости ва тери орасига юқтирилганда қорамолларда 4-7 кундан сўнг зарарлантириш жойида яллиғланиш жараёни бошланиб, эпидерма, дерма ва яқин жойлашган мушакларга тарқалади. Пайдо бўлган бўртмаларда экссудат тўпланади, кейинчалик некроз ривожланади. Терининг жароҳатланган соҳалари оғриқли бўлади. Бу жараёнларнинг кучайиши ҳайвон зарарлангандан 7-19 кун ўтгач рўй беради ва иситма кузатилади. Тана ҳарорати ошгандан ва бўртмаларнинг оммавий пайдо бўлганидан 3-4 кун ўтгач, қонда вирусни аниқлаш мумкин бўлади. Қон билан вирус 1-2 ҳафта давомида ҳайвон организми бўйлаб тарқалади, оғиз бўшлиғи, бурун, кўз, қин, препуция шиллиқ пардалари, сўлак ва сут безлари, уруғдон ва бошқа аъзолар тўқималарига кириб боради ва уларда некрозли яллиғланишни келтириб чиқаради.
Касалликнинг ўткир кечишида тана ҳароратининг +400С гача ошиши ва 4-14 кун мобайнида шу зайлда сақланиши, иштаҳанинг пасайиши, кўздан суюқлик оқиши, бурун ва оғиздан шиллиқли ёки йирингли суюқлик оқиши, 48 соатдан сўнг ўчоқли тери қопламида бўртмаларнинг ҳосил бўлиши кузатилади. Бу бўртмалар тери юзасидан сал кўтарилган, думалоқ, аниқ чегараланган, 0,2-7,0 см катталикда бўлиб касалликнинг кечишига боғлиқ ҳолда миқдори бир нечтадан бир неча юзтагача бўлиши мумкин. Улар бутун тана бўйлаб жойлашади, асосан, сон, қўлтиқ, кўз атрофи, тумшуқ, елинда жойлашади (1-расм).
1-расм. Нодуляр дерматитда бўртмаларнинг тери қопламида жойлашиши.
Касаллик оғир кечганда бўртмалар оғиз ва бурун шиллиқ пардаларида, қин лаби соҳаларда ҳам жойлашиши мумкин. Нодуляр бўртмалар кўз қовоғида ҳосил бўлиши натижасида кўз пардаси лойқалашади, ҳайвон бутунлай ёки қисман кўр бўлиб қолади. Бўртмалар ҳосил бўлгандан 1-3 ҳафтадан кейин, улар ичидаги тўқима бутунлай некрозга учраб секвестрлар ҳосил бўлади. Кейинчалик бўртмалар ёрилиб ичидан ёқимсиз ҳидли чўзилувчан шиллиқ модда ажралиб чиқади ( 2-расм).
2-расм. Нодуляр дерматитда қорамол тери қопламининг жароҳатланиши
Шишлар ёрилиб тузалгач, бўртмалар ва уларнинг яллиғланиш белгилари йўқолади (4-6 ҳафта мобайнида). Уларнинг ўрнидаги жун тушади. Бўртмалар баъзан қаттиқлашади ва бир йилгача шу ҳолда сақланиши мумкин. Охир-оқибат улар ё сўрилиб кетади ёки кўпинча, некрозга учрайди, қуруқлашган қорақўтир ҳосил қилиб қурийди, қорақўтир тагида грануляцион тўқима ҳосил бўлади. Бу жароҳатлар тузалиш, чандиқ ҳосил қилиш жараёнида, кўпинча, иккиламчи турли микрофлора билан ифлосланиб асоратлар пайдо бўлади. Лимфа тугунлари, айниқса, курак олди ва қўлтиқ таги лимфа тугунлари катталашади. Касал ҳайвонлар тез ориқлайди, маҳсулдорлиги пасаяди. Соғин сигирларда елинлар жароҳатланиши туфайли сут қуюқлашади, пуштиранг тус олади, томчилаб соғилади, қиздирилганда гелсимон ҳолатга ўтади.
Касаллик нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, кўпайиш аъзолари ва бўғимларнинг жароҳатланиши билан кечишига мувофиқ равишда қийинлашган қорин типида нафас олиш, кўп миқдорда сўлак ажралиш, шиллиқли ёки шиллиқли-йирингли конъюнктивит, кўз пардасининг лойқалашиши, лимфа тугунларининг катталашуви кузатилиши мумкин. Сигирларда ҳомила ташлаш, маститлар, насл қолдириш функциясининг бузилиши, ҳўкизларда эса вақтинчалик импотенция ёки бутунлай бепуштлик юзага келиши мумкин.
Бузоқларда НД тери қопламининг визуал кўринадиган жароҳатларисиз кечиши мумкин. Бунда касаллик иситма, шиллиқ ва қон аралаш диарея билан тавсифланади. Ярим ўткир кечишда тери қопламининг сезиларли жароҳатланиши кузатилмайди. Касаллик қисқа муддатли иситма (2-5 кун), иштаҳа йўқолиши билан кечади. Касаллик клиник белгиларсиз ҳам кечиши мумкин, бу ҳолатда касалланиш фақат қўзғатувчи вирус ДНК-сини полимеразли занжир реакциясида (ПЗР) аниқлаш ёки вирус нейтралловчи антителолар мавжудлиги бўйича аниқланади. Зарарланган подада клиник белгиларсиз касалланган ҳайвонлар 50% гача етиши мумкин.
Патологоанатомик ўзгаришлар. Тери қопламида аниқ кўринувчи бўртмалар мавжуд, улар зарарланган мушаклар юзасида, мушак толалари орасида, бурун йўллари, томоқ, трахея, ўпка, буйрак, ширдон, катта қорин шиллиқ пардаларида ҳам жойлашиши мумкин. Тери ва тери ости тўқималари қизғиш суюқлик билан тўйинган. Бўртмалар кесмада кулранг рангда ва консистенцияси зич. Некрозлашган бўртмаларда казеоз масса мавжуд бўлиб, унинг остида ярачалар ҳосил бўлади. Лимфа тугунлари катталашган, шишган. Плеврада, талоқда, жигар, бурун чаноғи, ширдон ва ичаклар шиллиқ пардаларида қон қуйилишлар кузатилади. Ширдоннинг тубида ва пилорус қисмида ҳамда ўпкада, айрим ҳолларда яралар топилиши мумкин. Айрим ҳайвонларда бўғимлар фаолиятининг бузилишлари аниқланади.
Диагноз. Клиник белгилар (тери қопламидаги аниқ чегараланган бўртмалар, оғир ҳолатларда бўртмаларнинг шиллиқ пардаларда жойлашиши, жароҳатлар соғлом теридан аниқ чегараланган, юза лимфа тугунлари қамраб олинган), эпизоотологик маълумотлар таҳлилига (касаллик бирданига бир неча фермада тўсатдан пайдо бўлади, касалланган ҳайвонлар миқдори тез кўпайиб, баъзан 70% гача етиб боради), патологоанатомик ўзгаришларга асосланган ҳолда дастлабки диагноз қўйилади. Якуний диагноз лабораториявий текширишлар асосида қўйилади. Вирусни ажратиш учун патологик материал сифатида бўртмалардан фойдаланилади, бўртма қорақўтирида вирус нуклеин кислотаси ПЗР да 3 ой давомида аниқланиши мумкин. Вирусни ажратиш ва идентификация қилишда ҳужайралар культурасидан ва нейтраллаш реакциясидан фойдаланилади.
Ҳозирги вақтда диагностика қилиш учун молекуляр-генетик усуллар қўлланилади. НД нинг вируси ёки антигени, геноми аниқланган ҳолатларда якуний диагноз қўйилган ҳисобланади. Бу мақсадда ПЗР, ИФА ва РСК (РДСК) каби реакциялардан фойдаланилади.
Дифференциал диагноз. Ҳайвонлар НД ни дерматофилёздан (пўст билан қопланган ва тери қопламининг юза қаватларида бўртиб турувчи папулалар ҳосил бўлиши билан тавсифланувчи терининг сурункали жароҳатланиши); туберкулёзнинг тери шаклидан (бўртмалар тери қоплами остида бўғимлар ва бўйин лимфа тугунлари бўйлаб жойлашади ва узоқ муддат сақланади); ҳашаротлар чақишига тери реакциясидан (оғриқли жароҳатлар яхши сезилади, яллиғланиш бўртиқчаси билан чегараланмаган, бўртмалар юмшоқ ва ёйилган), оқсил, қўйларнинг блютанг, демодекоз, чечак, инфекцион ринотрахеит, сўна личинкаси жароҳатларидан фарқлаш лозим.
Даволаш. Махсус даволаш усуллари яратилмаган. Симптоматик даволаш қўлланилади. Касал ҳайвонга озиқлантириш, сақлаш бўйича яхши шароитлар яратилади. Уларнинг тери қопламларига доривор ва дезинфекцион воситалар билан ишлов берилади. Секундар инфекцияни ва касаллик асоратларини олдини олиш мақсадида антибиотиклар, сульфаниламид препаратлар қўлланилади. Табиий шароитда 90% ҳайвонлар соғайиши мумкин.
Айрим олимларнинг [7] тавсиялари бўйича ушбу касалликни даволашда “Биферон – Б” биопрепаратини қўллаш яхши самара беради. ФГБНУ Бутунроссия қўйчилик ва эчкичилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Белорусь Давлат университети олимлари томонидан биргаликда “НПЦ ПроБиоТех” (Белорусь) корхонасида тайёрланган янги авлод ветеринария препарати ёрдамида ҳайвонлар нодуляр дерматитини самарали даволаш ва номахсус профилактика қилиш бўйича схемалар ишлаб чиқилган. Бу схемаларда “Биферон – Б”, “Гентабиферон – Б”, “Энрофлоксаветферон – Б” препаратлари қўлланилади. Улар комплекс таъсир этувчи, кўп функцияли, видоспецифик таъсир этиш хусусиятларига эга .
“Биферон – Б” препарати – таъсир этувчи моддаси турғун дори шаклидаги ҳўкизнинг альфа-2 ва гамма- рекомбинант интерферонларининг аралашмасидан иборат бўлиб, биопрепаратнинг пролонгирланган таъсирини ва вирусларга қарши кучли самарасини таъминлайди. Биопрепарат қўлланилиш вақтида ва қўлланилгандан сўнг гўшт ва сут маҳсулотлари ҳеч бир чекловларсиз истеъмол учун ишлатилиши мумкин.
“Гентабиферон – Б” – “Биферон-Б” препартининг барча хусусиятларига эга, қўшимча равишда бактерияларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида гентамицин қўшилган. “Гентабиферон – Б” таркибидаги интерферонлар антибиотикнинг иммунодепрессор таъсирини бартараф қилади. Биопрепарат қўлланилгач, ҳайвон гўштини 14 кун, сутини 4 кундан сўнг истеъмол қилиш мумкин.
“Энрофлоксаветферон – Б” таркибида энрофлоксацин мавжуд ва у бактерияларга қарши кенг доирада таъсир этади. Ҳўкизнинг рекомбинант альфа-интерферони ҳайвонлар учун ёрқин иммуностимулятор сифатида таъсир этади, энрофлоксацин таъсирини ва қон зардобининг лизоцим ва бактерицид таъсирини кучайтиради, организмнинг номахсус резистентлигини оширади. Интерферонлар энрофлоксациннинг иммунодепрессор таъсирини бартараф қилади.
Махсус профилактика. Касалланиб тузалган ҳайвонлар НД билан қайтадан касалланмайди [1]. Айрим олимларнинг берган маълумотларига кўра, касалланиб тузалгач ҳайвонларда иммунитет 11 ой давом этади [2; 7].
Фаол махсус профилактика учун Neethling штаммидан гомологик тирик аттенуацияланган вирус вакцина ва қўй-эчкилардан ажратилган каприпоксвируслар штаммларидан олинган гетерологик тирик аттенуацияланган вирус вакцинадан фойдаланилади. Вакцина сифатида ишлатиладиган каприпоксвирусларнинг барча штаммлари инъекция жойида кучли маҳаллий реакция чақириши мумкин. Нодуляр дерматит вирус вакцинаси билан эмлаш дозаси 2,5 lg50/cm3, қўй-эчкилар чечаги вирусидан тайёрланган вакцина билан эмлаш дозаси 5 lg50/cm3 ташкил этади .
Махсус профилактика учун дастлабки режали вакцинация 3 ойлик ёш ҳайвонларга қилинади. Ревакцинация 12 ойдан сўнг ўтказилади. Носоғлом пунктларда ва хавфли ҳудуддаги хўжаликларда аввал қилинган иммунизация муддатидан қатъий назар барча соғлом ҳайвонлар вакцинация қилинади. 6 ойликкача бўлган ёш ҳайвонлар 14 кун оралиқ билан 2 марта эмланади.
Олдини олиш ва қарши курашиш чоралари. Ўзбекистонда НД йўқ ва бўлмаган. Аммо, юқорида таъкидлангандек Осиё, Европа, Африка қитъаларининг айрим мамлакатларида ушбу касаллик мавжуд, шунинг учун касалликнинг кириб келиш хавфи сақланмоқда. Мойил ҳайвонларни ҳимоя этишнинг йўли бу хавфли чегара ҳудудини, чегарадан ўтадиган қорамолларни ва уларнинг маҳсулотларини қаттиқ назорат этиш, гумон туғилса, дарров ахборот бериш, келган янги ҳайвонларни профилактик карантин даврида клиник, лабораториявий текшириш талаб этилади. Асосий эътибор хорижий мамлакатлардан ушбу касаллик қўзғатувчисининг кириб келишига йўл қўймасликка қаратилиши лозим. Мамлакатга келтириладиган қорамоллар, уларнинг гўшт, сут маҳсулотлари ва уруғ НД бўйича соғлом бўлган давлатлардан харид қилиниши лозим. Қорамоллар 30 кунлик профилактик карантин давомида НД га текширилиши ва фақат соғлом ҳайвонлар фермага киритилиши керак. Хорижий давлатлар билан чегара ҳудудларда қорамол ва қўй-эчкиларни боқиш мақсадга мувофиқ эмас.
Фермаларни ёпиқ корхона шаклида ташкил қилиш, биноларга киришда дезогиламлар орқали киришни ташкил этиш, ҳайвонларни тўйимли озуқалар билан боқиш, уларни зоогигиеник меъёрлар асосида жойлаштириш, ўз вақтида касалларни ажратиб, алоҳида сақлаш ва даволаш, ферма ҳудудини озода сақлаш, режа асосида ферма ҳудудида дезинфекция, дезинсекция тадбирларини ўтказиш ушбу касалликни олдини олишга ёрдам беради.
Ушбу касаллик қорамоллар орасида клиник, патологоанатомик ва лабораториявий усулларнинг бири билан аниқланса, ветеринария Қонуни доирасида туман (шаҳар) бош ветеринария нозири далолатномаси асосида ҳоким қарори билан ферма ёки аҳоли пункти носоғлом деб эълон қилинади ва унга экзотик касал сифатида карантин қўйилади. Носоғлом пунктда барча карантин тадбирларини бажариш ва касалликни тарқалмаслик чоралари кўрилади. Фермага барча тур ҳайвонларни, дахлсиз кишиларни кириши, чиқиши, ҳайвонлар гуруҳларини аралаштириш ман этилади.
Қорамоллар орасида НД биринчи марта учраганда эпизоотологик ўчоқда касал ва улар билан бевосита контактда бўлган ҳайвонлар алоҳида ажратилади, улар қонсиз усул билан ўлдирилиб, ўлимтиклар йўқ қилинади. Касалланиб ўлган ҳайвонлар, емай қолган озуқа ва тўшамалар носоғлом пункт ҳудудида куйдирилади. Эпизоотик ўчоқдаги ҳайвонлардан олинган сут жойида 5 дақиқадан ортиқ муддат қайнатиш ёки +850С ҳароратда 30 дақиқа пастеризация қилингандан сўнг чекловсиз реализация қилинади.
Эпизоотик ўчоқда ҳар ҳафтада касал ҳайвонлар турган бинолар ва яйраш майдончалари, гўнги билан биргаликда транспорт воситалари дезинфекция, дезинсекция қилинади. Ферма ходимларининг махсус кийим ва резина пойафзаллари махсус камерада формальдегид буғлари билан зарарсизлантирилади.
Хавфли ҳудуд (3 км) чегараси белгиланади ва у ерларда ҳам касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича дезинфекция, дезинсекция ва шартли соғлом ҳайвонларни вакцинация қилиш тадбирлари амалга оширилади. Карантин бекор қилингунча ҳар куни мулкчилик шаклидан қатъий назар барча чорвачилик хўжаликларида мойил ҳайвонлар клиник кўрикдан ўтказилади. Кузатиш ҳудудида (10 км) ҳар куни қорамоллар клиник кўрикдан ўтказилади ва улар ҳар ҳафтада дезинсекция қилинади.
Қорамоллар НД бўйича носоғлом фермадан (аҳоли пункти) охирги касал ёки касалликка гумон қилинган ҳайвон ўлгандан ёки йўқотилгандан 30 кундан сўнг, амалдаги қоидаларда кўрсатилган барча тадбирлар ўтказилгач, уларнинг тўлиқ ва сифатли эканлиги ҳақида комиссия хулосаси тақдим этилгач, карантин бекор қилинади.
Карантин бекор қилингач 1 йилга чеклов қўйилади ва шу муддатда қорамолларни гўштга топширишдан ташқари, носоғлом пункт ҳудудидан чиқариш ва реализация қилиш тақиқланади.
Х.С.Салимов, С.Х.Абдалимов,
Р.А.Исматова ВИТИ