Олтинкўл туманида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига қарши кураш бўйича ўқув-амалий семинар ўтказилди

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Унда Давлат ветеринария хизмати, туман соғлиқни сақлаш, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, ободонлаштириш бошқармалари ходимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари иштирок этди.
Тадбирда ветеринария хизмати мутахассислари томонидан фавқулодда вазиятларда чорва ҳайвонлари ва паррандаларни хавфли юқумли касалликлардан муҳофаза қилиш, хавфсиз жойга кўчириш ва ҳайвонларда юқумли касалликка чалиниш ҳолатлари аниқланганда унинг тарқалишини олдини олиш каби масалалар хусусида сўз юритилди.
Семинар давомида ҳудудда ҳайвонлар касалликларига қарши кураш, жумладан ҳозирги кунда ўтказилаётган “Қутуриш касаллигига қарши курашиш ойлиги” тадбири доирасида Давлат ветеринария хизмати томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги маърузалар тингланди.
Шу билан бирга семинар давомида эпизоотик тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиш бўйича мутахассисларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, фавқулодда вазиятларда ҳамкор ташкилотлар томонидан амалга оширилиши зарур бўлган ишлар бўйича ўқув-машғулотлари олиб борилди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати