Қибрайдаги ихтисослаштирилган сўйиш корхонаси масъуллари огоҳлантирилди
Ижтимоий тармоқларда Қибрай туманидаги “OBOD SAVDO BIZNES” МЧЖга қарашли ихтисослаштирилган сўйиш корхонаси томонидан ариқдаги оқова сувга чиқиндилар оқизилаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалган эди.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги “OBOD SAVDO BIZNES” МЧЖга қарашли ихтисослаштирилган сўйиш корхонасидаги мазкур ҳолат Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси масъуллари томонидан жойига бориб ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, ушбу сўйиш корхонасида ветеринария-санитария қоидалари ва меъёрлари бузилганлиги, яъни, кушхонадан чиққан чиқиндилар ҳақиқатдан ҳам ариққа оқизилаётганлиги маълум бўлди.
Аниқланган камчиликларни 5 кун муддат ичида зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш бўйича ветеринария мутахассислари томонидан зарур кўрсатмалар берилди ҳамда огоҳлантириш хати юборилди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати