Қизилтепа туманидаги “Golden Lake Fish” МЧЖда семинар ташкил этилди

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги Тўдакўл сув омбори қошида фаолият юритаётган “Golden Lake Fish” МЧЖда балиқчиликни ривожлантириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Унда Навоий вилояти ҳокимлиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, “Навоийбалиқсаноат” МЧЖ, “Bekirhan Necmi” ва “Huang Zhihui” хорижий корхоналари вакиллари иштирок этди.
Семинар давомида аҳолини балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича олиб борилаётган ишлар, балиқ парваришлаш ва етиштириш ҳамда балиқ турларини кўпайтириш каби долзарб мавзуларда маърузалар тингланди.
Шунингдек, семинар қатнашчилари “Golden Lake Fish” МЧЖнинг интенсив ва садок усулида балиқ етиштириш жараёнлари, балиқ увилдириғидан личинка ишлаб чиқарадиган инкубация цехи фаолияти билан танишдилар.
Айниқса, корхонада Россия Федерациясидан келтирилган гибрид ўрдакларни парваришлаш, балиқ чавоқи етиштириладиган ҳавзалар, балиқни қайта ишлаш цехи, қайиқ ва яхта ишлаб чиқарувчи “Aqua Future” Ўзбекистон – Венгрия қўшма корхонаси фаолияти ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати