11 Дек 2020

Ҳайвонлар касалликларининг олдини олиш – давр талаби!

Ҳайвонлар касалликларининг олдини олиш – давр талаби!

Таҳлилларга кўра, фуқароларнинг ит сақлаш қоидаларига риоя этмасликлари ва ҳайвонлар билан муносабатда эҳтиётсизликка йўл қўйилиши оқибатида қутуриш касаллиги келиб чиқмоқда.

Қутуриш касаллиги вирус келтириб чиқарадиган касаллик бўлиб, у ёввойи табиатда – бўрилар, чиябўрилар ва тулкиларда учрайди. Шу билан бирга итларда ҳам мазкур вирус борлиги аниқланган. Агар касалликка қарши чора кўрилмаса, ўз навбатида итлар вирусни одамларга ёки бошқа уй ҳайвонларига юқтиришлари мумкин. Шу сабабли итларни боғлиқ ҳолда сақлаш ва ўз вақтида касалликка қарши эмлатиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада ветеринария мутахассислари томонидан тарғибот ишлари олиб борилмоқда.  

Шу мақсадда Навоий шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими мутахассислари томонидан “Фуқароларнинг қаровсиз ҳайвонлардан жароҳатланиши ва қутуриш касаллигининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар” мавзусида кўргазмали ўқув семинари ўтказилди.

Худуднинг “Гулистон” маҳалласида ташкил этилган семинарда аҳолига қутуриш касаллиги ва унинг олдини олиш, ит сақловчи фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида ветеринария идораларига тақдим этиш бўйича тушунтиришлар берилди.  

Шунингдек, семинарда маҳаллалар, идора ва ташкилотлар ҳамда таълим муассасаларида “Қутуриш касаллиги ва унинг профилактикаси” мавзусида суҳбатлар ташкил этиш ва профилактик тарғибот ишларини кучайтириш каби масалалар муҳокама қилинди.



Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати