Хўжаобод туманида ветеринария мутахассислари иштирокида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди

Бугунги кунда “Қутуриш касаллигининг олдини олиш ва унга қарши курашиш ойлиги” тадбири доирасида ҳудудларда семинарлар ташкил этилиб, тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида ҳам мутахассислар иштирокида ана шундай ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Унда вилоятнинг туман ва шаҳарлар ветеринария мутахассислари, ветеринария участка мудирлари иштирок этишди.
Маълумки, Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳисобланган Хўжаобод туманида четдан ҳайвонлар касалликлари кириб келишининг олдини олиш ва эпизоотияга қарши кураш тадбирларини ўз вақтида сифатли ташкил этишда қатъий ёндашувни талаб этади.
Туманда ташкил этилган 7 та эмлаш гуруҳларига 18 нафар мутахассис жалб этилган бўлиб, жорий йилда режа асосида ҳудуддаги 17600 бош йирик шохли, 25700 бош майда шохли мол куйдирги касаллигига, 5500 бош ҳайвон нодуляр дерматит касаллигига, 2600 бош эгали ит қутуриш касаллигига қарши профилактик эмланди. 5200 бош чорва ҳайвони эса бруцеллёз касаллигига текширилди.
Ҳозирги кунда туман ҳудудида чорва ҳайвонлари оқсил ва қорасон касалликларига қарши эмланмоқда.
Семинар давомида ҳудудда эпизоотик осойишталикни таъминлаш бўйича олиб борилаётган шу каби саъй-ҳаракатлар, белгиланган долзарб вазифалар муҳокама қилинди ҳамда бу борадаги ишлар кўргазмали тарзда намойиш этилди.
Шунингдек, тадбир давомида Россия Федерацияси “Prodilek” компаниясининг гўшт йўналишидаги чорва ҳайвонларини парвариш қилишда қўлланиладиган “Нуклеопротеид” препарати тақдимоти ҳам ўтказилди.
Тадбир қатнашчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассилар томонидан жавоб олишди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси Ахборот хизмати