1 Июн 2024

Битирувчи босқич талабалари билан мулоқот олиб борилди

Битирувчи босқич талабалари билан мулоқот олиб борилди
Самарқанд давлат ветеринария  медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалининг битирувчи босқич талабалари билан очиқ мулоқот олиб борилди.

Филиал директори А.Есимбетов тадбир бошида сўз олиб, жорий ўқув йили якунланишига ҳам кам вақт қолганлиги, яна саноқли кунлардан кейин битирувчи курс талабаларининг  якуний давлат аттестасия имтиҳонларини топшириш жараёни бошланиши ва бу бўйича кўрилаётган  тайёргарликлар хусусида тўхталди.
"4 йил мобайнида талабаларга сифатли таълим бериш учун бор куч ва имкониятимизни сафарбар қилдик", –дейди А.Есимбетов–йўқдан бор қилишга, назарий ва амалий билимлар уйғунлигини таъминлашга интилдик. Энди мана шу ёшлар ветеринария ва чорвачилик соҳаси ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўша олади деб ишонч билдирамиз.
Шундан сўнг, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси Фан ва таълим соҳасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи А.Сафаров сўзга чиқиб, бугунги кунда жаҳонда ветеринария соҳасида таҳсил олаётган бўлажак кадрлар энг керакли мутахассислардан бири эканлиги, жумладан,   сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам  ветеринария соҳасида ёшларнинг сифатли таълим олиши учун зарур шароитлар яратилиб, уларнинг  бандлигини таъминлаш  бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани ҳақида гапириб ўтди. У ўз нутқида ветеринария замонавий касблар қаторига кириши, бугун соҳа бўйича янгича ёндашув асосида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида илғор билим ва тажрибага эга мутахассисларга бўлган талаб тобора ортаётганини алоҳида қайд этди.
"Ҳар биримиз оладиган маошимизни ўзимиз белгилаймиз", –дейди А.Сафаров–яъни, ўз салоҳиятимизга, ўзлаштирган билим даражамизга ишонсак, ишсиз қолмаймиз. Диплом қўлга тегдими, дарҳол ишга жойлашишга ҳаракат қилинг, ана шунда аввал иш тажрибангизни орттириб, ўзингизни янада ривожлантирасиз. Шунингдек битирувчиларга нуфузли ишга жойлашиш истагида бўлганлар кўп меҳнат қилиши, кўзбўямачилик ортидан асло ҳурматга эришиб бўлмаслиги ҳақида ўз тавсияларини бериб ўтди. Қўмита филиал билан ҳамкорликда соҳа бўйича етук кадрларни тайёрлаш учун бор куч ва имкониятини сарфлаб, амалий ёрдам кўрсатишга ҳар доим тайёр эканлиги, шу эзгу мақсад йўлида ҳамфикрликда иш олиб борилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Битирувчилар  билан олиб борилган  самимий мулоқот давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлақонли жавобларни олишди.  Маълумот ўрнида,  жорий йилда филиалимизни 5 та йўналиш бўйича  жами 359 нафар талаба тамомлайди. Шундан, 88 нафари Зооинженерия (турлар бўйича) мутахассислиги бўйича, 55 нафари ветеринария лабораторияси ва диагностика иши йўналиши бўйича, 216 нафари эса ветеринария медицинаси йўналиши бўйича таҳсил олмоқда.