23 Май 2022

БУТУНЖАҲОН ҲАЙВОНЛАР СОҒЛИҒИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТАШКИЛОТИНИНГ 89-БОШ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

БУТУНЖАҲОН ҲАЙВОНЛАР СОҒЛИҒИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТАШКИЛОТИНИНГ 89-БОШ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА
Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилоти (OIE) Бутунжаҳон ассамблеясининг 89 - Бош сессияси 2022 йил 23 майдан 26 май кунига қадар ялпи мажлис кўринишида ярим гибрид форматда бўлиб ўтади.

Асосий маърузачилар Франциянинг Париж шаҳрида тадбир ўтказиладиган залдан, аъзо мамлакатларнинг делегатлари масофадан туриб тадбирда қатнашмоқдалар.

Мазкур халқаро тадбирда Ўзбекистон делегацияси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари – OIE делегати Аброр Акбаров бошчилигида масофадан иштирок этмоқда.

Бош сессияда маъмурий ва техник резолюциялар қабул қилиниши, шунингдек, ташкилотнинг айрим бошқарув органларидаги бўш ўринларга сайловлар ўтказилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари тўрт кун давомида OIE миллий делегатлар томонидан ҳайвонлар соғлиги ва фаровонлиги бўйича янги халқаро стандартлар муҳокама қилиниб, зарурлари қабул қилинади. Шунингдек, иштирокчиларга жаҳонда ҳайвонларнинг ҳозирги глобал касалликлари, жумладан, зоонозлар ҳақида батафсил таҳлиллар тақдим этилади.

Тадбир давомида OIE Бош директори Моник Элуа хоним ташкилот томонидан 2021 йилда амалга оширилган тадбирлар ҳақида умумий маълумот ва натижалар тўғрисида ҳисобот беради.

Шунингдек, бу йилги бош сессияда аъзо мамлакатларда Ветеринария хизматларининг глобал, минтақавий ва миллий фавқулодда вазиятларни бошқариш тизимларида иштироки ва ҳайвон касалликларининг янги расмий мақомларини тасдиқлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилиши белгиланган.