28 Апр 2016

БУТУНЖАҲОН МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ КУНИ!

БУТУНЖАҲОН МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ КУНИ!
Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг ташаббуси билан 2003 йилдан бошлаб 28 апрел “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” деб эълон қилиниб, ушбу кунда дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларида дунё ҳамжамиятини иш жойларида содир бўлаётган бахтсиз ходисалар ва касб касалликларига чалинишининг олдини олиш ҳамда меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни янада кучайтиришга қаратилган тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Глобаллашув жараёни олдимизга янги вазифаларни қўймоқда. Биз шундай натижаларга келишимиз керакки, соғлом муҳитни яратган ҳолда инсонлар хавфсиз шароитларда ишласинлар. Тажриба шуни кўрсатадики, меҳнат жойларида хавфсизлик маданиятининг юқори даражада бўлиши меҳнаткашларга, иш берувчиларга бирдек наф келтиради.
Жорий йил 28 апрел куни Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ташаббуси билан “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га бағишланган “Иш жойида стрессни бартараф этиш – муносиб меҳнат омилларидан бири” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.



Мазкур тадбирда Давлат ветеринария бош бошқармаси бўлим бошлиғи А.Акбаров ва Касаба уюшма қўмитаси раиси Р.Эшбоевлар “Давлат ветеринария хизматида меҳнатни муҳофаза қилиш” мавзусида маъруза билан иштирок этди.
Бунда, аввало ветеринария хизматининг жамиятда тутган ўрни, ветеринария соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳолини одам ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилишда олиб борилаётган ишлар ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш ва ходимларга қулай иш шароитларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтилди.



Тадбир якунида Давлат ветеринария бош бошқармаси ходимлар учун қулай шароитларнинг яратилиши ва меҳнат муҳофазасини таъминланишида эришган ютуқлари ҳамда “Меҳнат шароитлари ва муҳофазасини яхшилаш бўйича 2015-2016 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар дастури” доирасидаги вазифаларни бажаришда фаол иштироки учун рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирланди.