1 Ноя 2016

ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ ХИЗМАТИ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ БЕЛГИЛАНДИ

ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ ХИЗМАТИ ТИЗИМИНИ  ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ БЕЛГИЛАНДИ
Жорий йилнинг 25 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ветеринария хизмати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 361-сонли қарори  қабул қилинди.

Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг марказий аппарати тузилмаси кенгайтирилиб, унинг ташкилий ва марказий аппарат тузилмалари ҳамда давлат ветеринария бош бошқармасининг Низоми тасдиқланди.
Шунингдек, Ҳайвонлар ва одамларнинг соғлиғи учун хавф туғдирадиган ва бунда ҳайвонлар, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулотлар ва хом ашёлар олиб қўйиладиган ҳамда йўқ қилиб ташланадиган ҳайвонларнинг касалликлари рўйхати ва Профилактика, ташхис қўйиш ва тугатиш тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари рўйхати тасдиқланди.

Давлат ветеринария бош бошқармасининг Низоми унинг вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги ҳамда унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди. Ушбу қарор билан Давлат ветеринария бош бошқармасига бир қатор ваколатлар берилмоқда. Жумладан,

Давлат ветеринария органлари ва муассасаларининг устави (низоми)ни ҳамда тузилмаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга пуллик ветеринария хизматлари кўрсатиш тартиби, хизмат турлари ва тарифларини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди.
Ветеринария соҳасидаги кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи таълим йўналишларини аккредитация қилишда, уларнинг педагог ва илмий ходимларини аттестациядан ўтказишда ҳамда олий таълим муассасаларининг ветеринария йўналишидаги факультетларига декан лавозимига кадрларни танлашда иштирок этади.

Давлат ветеринария бош бошқармаси ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бевосита, шунингдек давлат ветеринария органлари ва муассасалари орқали амалга оширади.
Шунингдек, қарорда биологик хавфсизликни таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан: 
Республика ҳудудида биологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқариш шароитларини ўрганиш бўйича Давлат ветеринария бош бошқармаси ҳузурида марказий режим комиссияси ташкил этилади.
Шу билан бирга, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар ва уларнинг синов натижаларини ҳамда ветеринария соҳасига оид тайёрланадиган қўлланмалар, тавсияномалар ва йўриқномаларни ўрганиш, шунингдек ишлаб чиқилган ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини кўриб чиқиш бўйича Давлат ветеринария бош бошқармаси ҳузурида илмий-техник кенгаш ташкил этилади.

Давлат ветеринария
бош бошқармаси