30 Апр 2024

Германиянинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги федерал вазири ўринбосари Самарқандда

Германиянинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги федерал вазири ўринбосари Самарқандда
Германиянинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги федерал вазири ўринбосари Др.Офелия Ник бошчилигидаги делагация Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетига ташриф буюрди.

Делегациянинг мақсади Германия ва Ўзбекистон ўртасида ветеринария ва чорвачилик соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан музокаралар ўтказиш ҳамда Германия Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги федерал вазирлиги билан амалга оширилаётган “Барқарор ва иқлимга мослаштирилган қишлоқ хўжалигини биргаликда ривожлантириш” грант лойиҳасининг биринчи босқичи “Иқлимга мослаштирилган чорва озуқасини етиштириш” бўйича амалга оширилаётган тадбирлар билан яқиндан танишишдир.

Делегация аъзоларини кутиб олган университет ректори, профессор Х.Юнусов ва масъул шахслар дастлаб, университетда мавзу юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан таништириш мақсадида университет ҳудудида кичик тажриба майдонларида ўстириб ўрганилаётган ем-хашак экинларининг турлари, навлари, иссиқхонасида етиштирилаётган ўсимликлар ва виварийда парваришланаётган ҳайвон турлари билан таништиришди.

Шундан сўнг университет “Фаоллар зали”да университет ректори, профессор Х.Юнусов университетда йўлга қўйилган “Мега-лойиҳа” доирасида иқлимга мослаштирилган чорва озуқасини етиштириш бўйича амалга оширилган ишлар бўйича қичқача маълумот берди, Германия Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги федерал вазири ўринбосари Др.Офелия Ник ташрифдан кўзланган мақсад ҳақида тўхталди.

Шунингдек, ветеринария фанлари доктори, профессор Р.Давлатов “Ўзбекистонда чорвачилик соҳасини ривожлантириш” бўйича тақдимот қилган бўлса, Фридрих-Лўффлер институти ходими Др.Клюс “Қуруқ ҳудудларда оптимал озиқлантириш ва ҳайвонлар саломатлиги” мавзусида, AFC ташкилоти халқаро эксперти Др. Ван Энгелен “Ўзбекистонда сут ишлаб чиқаришни таъминлаш учун регенератив ем-хашак ишлаб чиқариш” мавзусида маъруза қилди.

Давра суҳбати университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари томонидан йўлланган саволлар билан янада қизиқарли ўтди.

Тадбир якунида профессор-ўқитувчилар, магистрантлар, тадқиқотчилар ва талабаларни мазкур ҳамкорлик лойиҳаларида иштирок этишлари келишиб олинди.