6 Июн 2022

Ислом тараққиёт банки чорвачилик соҳасини молиялаштиришга тайёрлигини билдирди

Ислом тараққиёт банки чорвачилик соҳасини молиялаштиришга тайёрлигини билдирди
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида раис ўринбосари Сирожиддин Бердиқулов ва Ислом тараққиёт банки Марказий Осиё бўйича минтақавий раҳбари Али Муҳаммад Хон ўртасида видеоконференция шаклида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувнинг асосий мақсади томонлар ўртасида ветеринария ва чорвачилик соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ҳамда биргаликда истиқболли лойиҳалар амалга ошириш, соҳага банкнинг имтиёзли маблағларини жалб қилишдан иборат.

Музокаралар давомида хорижий томонга бугунги кунда республикада ветеринария ва чорвачилик, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалага оширилаётган ислоҳотлар бўйича маълумот берилди.

Шунингдек, «Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастур» доирасида белгиланган устувор вазифалар бўйича тақдимот қилинди.

Учрашув давомида томонлар озиқ-овқат хавфсизлиги, чорвачилик соҳасида инфратузилма хизматларини янада ривожлантириш, уларнинг сифатини яхшилаш ва чорва моллари наслини яхшилаш, кадрлар тайёрлаш ҳамда мутахассисларини малакасини ошириш тизимини, шунингдек, илмий-техник базани халқаро стандартлар даражасига кўтариш каби соҳаларни қамраб олган истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишди.

Ислом тараққиёт банки чорвачилик соҳасини ва унинг йўналишларини молияштиришга ҳамда ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг кейинги босқичларини, амалга ошириладиган ишларни белгилаб олдилар.