14 Июн 2024

«Келажак ёшлари» жамоаси Европага саёҳат йўлланмасини қўлга киритди

«Келажак ёшлари» жамоаси  Европага саёҳат йўлланмасини қўлга киритди
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ёшларнинг янги, креатив ғояларини қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларини амалга оширишлари учун мотивация бериш, соҳада илғор ва ташаббускор ёшлар учун имкон яратиб бериш  мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги  ҳамда «Аграр соҳа аёллари» уюшмаси ташаббуси билан вазирлик тизимидаги 10 та олий таълим муассасаларининг талаба ёшлари ўртасида “Ёшлар ва инновацион қишлоқ хўжалиги” кўрик-танлови ўтказилди. Ушбу кўрик-танловнинг саралаш босқчида ғолиб бўлган жамоалар Тошкент давлат аграр университетида ярим финал, финал баҳсларида беллашдилар.  Юқори савияда ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан,  ( Sharlotta Adrian)  Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарияти, "Аграр соҳа аёллари" уюшмаси масъуллари, Ёшлар ишлари агентлиги, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар қатнашди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов тадбирни Кириш сўзи билан очиб бериб,  мазкур танловни ўтказиш замирида  талаба-ёшларни қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион ғояларни жорий этишга жалб этиш ва уларнинг бу йўлдаги орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш каби эзгу мақсдалар мужассам эканлигини алоҳида таъкидлади.   Жами 3 босқичда ўтказилган танлов 4099 нафар ёшларни қамраб олди.  Танлов давомида талаба-ёшлар томонидан илғор ғоялар асосида  кўплаб инновацион  лойиҳалар тақдим этилди. Финал иштирокчилари ҳакамлар ҳайъати аъзоларига ўз лойиҳаларининг мазмуни ва аҳамиятини кенг тушунтириб ғолиблик учун астойидил беллашдилар. Энг қувонарлиси, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалининг «Келажак ёшлари» жамоаси мазкур танловнинг ярим финал босқичида энг юқори баллни қўлга киргизиб, финал босқчида мутлоқ ғолиб деб топилди. Тантанали тақдирлаш маросимида  филиал талаба-ёшларига фаҳрли биринчи ўринни эгаллаганлиги  учун I даражали диплом ва Европага саёҳат йўлланмаси топширилди.    —Саҳнада тақдирланар эканмиз, ҳаёлимда биз ёшлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятларни яна бир марта қалбан чуқур ҳис қилдим — дейди талабамиз Шахида Қарлибаева—биз устозларимиз ва жамоа аъзолари билан тинмай меҳнат қилиб, лойиҳамиз устида иш олиб бордик. Натижа эса  кутгандан ҳам аъло даражада бўлди. Филиалимиз нуфузини янада оширадиган мана шундай муҳим янгиликлардан бирига ҳисса кўшганимиздан беҳад севиндик. Нукус халқаро аэропортида Европага саёҳат йўлланмасини қўлга киритган  «Келажак ёшлари» жамоаси тантанали кутиб олинди. Тадбирда, филиал раҳбарияти, ота-оналар ва ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этиб, ғолибларни самимий табриклади ва ютуқлар бардавом бўлишини тилади.
Маълумот ўрнида,  “Ёшлар ва инновацион қишлоқ хўжалиги” кўрик-танловининг финал босқичида  Тошкент давлат аграр университети жамоаси 2-ўринни,  Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.