26 Июн 2024

УНИВЕРСИТЕТДА III РЕСПУБЛИКА ЁШЛАР ФОРУМИ КЎТАРИНКИ РУҲДА ЎТКАЗИЛДИ

УНИВЕРСИТЕТДА III РЕСПУБЛИКА ЁШЛАР ФОРУМИ КЎТАРИНКИ РУҲДА ЎТКАЗИЛДИ
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тизимидаги таълим муассасалари талаба-ёшлари иштирокида III РЕСПУБЛИКА ЁШЛАР ФОРУМИ юксак савияда, кўтаринки руҳда ўтказилди.

Дастлаб, университет ректори, профессор Худайназар Юнусов III РЕСПУБЛИКА ЁШЛАР ФОРУМИни очиб бериб, ўтказилаётган Форумнинг мақсад – вазифаларига тўхталди. Иштирокчиларни табриклаб, омад тилади.

Шундан сўнг, форум доирасида Қўмита тизимидаги таълим муассасалари талаба-ёшлари иштирокида “Ранглар сеҳри”, “Созанда ёшлар” танловлари, “Қувноқлар ва зукколар”, “Талабалар театр студиялари” жамоалари биринчилиги, Спортнинг “Шахмат” тури бўйича “Қўмита раиси кубоги”, “Стол тенниси” тури бўйича “Ректор кубоги” ҳамда “Волейбол” тури бʻйича жамоалар биринчилиги мусобақалари, “Заковат”, “Мунозара-дебат” интеллектуал ўйинлари, “Келажак университети” номли компютер дастурлаш ва “Истиқболли лойиҳалар ёшлар нигоҳида” стартап лойиҳалари танловлари ўтказилиб, ғолиб жамоалар ва талаба-ёшлар аниқланди.

Тадбирнинг асосий расмий қисми университет Маданият саройида давом эттирилиб, университет ректори, профессор Худайназар Юнусов ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси бошқарма бошлиғи Алишер Сафаровлар форум Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тизимидаги таълим муассасалари ёшларининг илмий-ижодий, интеллектуал қобилиятини намоён этиш, улар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳиссини янада кучайтиришдан иборат эканлигини таъкидлади.

Тадбир доирасида ўқув, илмий-татқиқот ва маънавий-маърифий соҳаларда фаол иштирок этиб, турли ижтимоий лойиҳа ва танловларда жонбозлик кўрсатиб келган талабалар ҳамда ўз йўналишлари бўйича энг яхшиларини аниқлаш мақсадида ўтказилган онлайн сўровнома ғолиблари тақдирланиб, Ветеринария диагностикаси ва озиқ-овқат хавсизлиги факултети ҳамда Ветеринария профилактикаси ва даволаш факултети битирувчи талабаларининг “Ветеринар қасамёди”ни қабул қилиш маросимлари ўтказилди.

Қизиқчи, халқ суйган маданият ходими Ортиқ Султоновнинг ажойиб ҳазил-мутойибалари ва университ иқтидорли талаба-ёшлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тадбирга янада кўтаринки рух бахш этди.