5 Июл 2016

ВЕТЕРИНАР ОСОЙИШТАЛИК ТАЪМИНЛАНМОҚДА.

ВЕТЕРИНАР ОСОЙИШТАЛИК ТАЪМИНЛАНМОҚДА.
Ўзбекистон Республикаси худудида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларининг келиб чиқишини олдини олишга қаратилган тадбирлар устидан назоратни янада кучайтириш ҳамда эпизоотик барқарорликни таъминлаш, ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларини бошқа давлатлардан кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида ҳар йили эпизоотияга қарши курашиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, йил бошидан ҳайвонларни эмлаш, диагностика ва мониторинг тадбирлари ҳамда ахоли орасида тушунтириш-ташвиқот ишлари белгилаб олиниб, йил давомида амалга оширилади.
Мамлакатимизда ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига қарши мустаҳкам ҳимоя тизими яратилган бўлиб, Ширкат ва фермер хўжаликлари, аҳоли қарамоғидаги чорва моллари мунтазам клиник кўрикдан ўтказилади ва белгиланган профилактик тадбирлар ўз муддатида амалга оширилади.
Хусусан, қирқим мавсумига тайёргарлик кўриш, эктопаразитларга қарши ишлов бериш ҳамда касалликларнинг олдини олиш мақсадида дезинсекция ва чўмилтириш воситалари ҳамда ҳайвонларни юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш мақсадида зарурий вакцина ва диагностикумлар таъминот қилинб зарурий тадбирларни амалга ошириш мақсадида жойларга етказиб берилмоқда.



Ўтказилаётган тадбирларнинг самарасини янада ошириш мақсадида жойларда ветеринария мутахассисларидан иборат гуруҳлар ташкил қилиниб, гуруҳ усулида профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида 230 мингга яқин чорвачилик объектлари дезинсекция қилиниб, 24 миллиондан ортиқ чорва моллари профилактик чўмилтирилган бўлса, куйдирги касаллигига қарши 2016 йилнинг ўтган даврида қарийб 17,0 млн. бош чорва ҳайвонлари ҳамда ўтган 2015 йилнинг куз ва қиш мавсумларида қарийб 13,0 млн. бош чорва ҳайвонлари профилактик эмланиб, бугунги кунда 30 млн. бош чорва ҳайвонларида 100 фоиз иммунитет шакллантирилган ва ҳайвонларнинг иммун фонидан келиб чиқиб эмлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Жорий йилнинг охиригача иммун фони тугайдиган қарийб 14,0 млн. бош чорва ҳайвонлари куйдирги касаллигига қарши профилактик эмланиши режалаштирилган бўлиб, Республикада куйдирги касаллиги бўйича иммун фон тўлиқ сақлаб турилиши таъминланади.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ чорвани ўта хавфли касалликларга қарши эмлаш учун вакциналар бепул ажратилмоқда. Жойларда тизимли равишда эпизоотик мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Барча тоифадаги хўжаликларда эҳтиёткорликни янада ошириш, юқумли касалликка гумон қилинган чорва молларини алоҳида сақлаш учун махсус жойлар ташкил этилган. Эҳтиёт шарт сифатида саҳро зоналарида керакли кийим-кечак, асбоб-анжомлар билан таъминланган эпизоотияга қарши отрядлар фаолият юритмоқда.
Куйдирги, оқсил ва бошқа турдаги хавфли касалликлар юртимизга четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида бозорларда, кушхона, сўйиш майдончалари, гўшт дўконлари ва бошқа жойларда чорва моллар миграцияси устидан давлат ветеринария назорати янада кучайтирилди. Қўшни давлатлар билан чегара ҳудудлардаги барча чорвачилик объектлари дезинфекция қилиниб, чорва моллари кўрикдан ўтказилиб, чўмилтириш тадбирлари амалга оширилди. Қўшни давлатлардан олиб келинаётган чорвачилик маҳсулотлари ва ҳайвонларни юртимизга киритиш борасида баъзи чекловлар ўрнатилди. Бу чегара ҳудудларида фаолият юритаётган ходимларимиздан ўта ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Ана шундай эътибор ва ҳушёрлик натижасида юқумли касалликлар қайд этилган давлатлардан рухсатномасиз олиб келинган декоратив қушлар, тухум, гўшт-сут ва улардан тайёрланган маҳсулотлар мамлакатимиз ҳудудига киришининг олди олинмоқда.
Маълумки, чорва молларининг катта қисми шахсий хўжаликларда боқилади. Уларнинг эгаси ҳайвонларни асрашни билиши ва бу борадаги талабларга қатъий риоя қилиши касалликлар тарқалишига қарши энг мустаҳкам тўсиқдир. Мисол учун, мол олиб-сотилганда ёки вақти-вақти билан уни ветеринар назоратидан ўтказиш керак. Чорва аввал эмланган ёки эмланмаганига қараб мутахассислар хизмат кўрсатади. Ҳар бир касалликнинг эмлаш даври ва тартиби бор. Оқсил касаллигининг олдини олиш учун ҳар олти ойда, қутуриш ва бруцеллёз касаллигига қарши эмлаш схемасига мувофиқ эмланади.
Мамлакатимизда ветеринария хизматини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли хайвонларнинг юқумли касалликларини аниқлаш ва олдини олиш имконига эгамиз. Давлат ветеринария хизматлари замонавий асбоб-ускуналар, совуткичлар, микроскоплар ва бошқа зарур воситалар билан жиҳозлангани юқумли касалликларга тезкор ташхис қўйиш имконини бермоқда.



Жойларда олиб борилаётган эпизоотияга қарши тадбирларнинг ўз вақтида ва самарадорлигини ошириш мақсадида Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан минг дона пуркагич, тўрт юз дона эмламаларни олиб юриш учун махсус термосумкалар, юздан ортиқ мотоцикллар харид қилиниб, қишлоқ жойлардаги ветеринария хизмат кўрсатиш нуқталарига етказиб берилди.
Шу билан бирга, эпизоотияга қарши ишларни мувофиқлаштириш мақсадида мамлакат, вилоят ва туманлар кесимида штаблар тузилиб, ҳайвонларни профилактик эмлаш, ташхислаш, даволаш, чўмилтириш, чорвачилик объектларини профилактик дезинфекциялаш ишларининг таҳлили олиб борилмоқда.
Ўтган давр мобайнида 6 мингдан зиёд маҳаллаларда аҳоли орасида ҳайвонларнинг хавфли юқумли касалликлари келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган семинарлар ташкил қилиниб, эслатма ва буклетлар тарқатилди.
Мамлакатимиз ҳудудига ҳайвонларнинг хавфли юқумли касалликларининг кириб келишига йўл қўймаслик ҳамда тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган эҳтиёткорлик чоралари ўз самарасини бермоқда.
Натижада бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида барқарор эпизоотик вазият сақланмоқда.


Давлат ветеринария
бош бошқармаси