17 Сен 2024

Зооноз касалликларга қарши кураш кучайтирилади

Зооноз касалликларга қарши кураш кучайтирилади


Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда бруцеллёз касаллигига қарши кураш бўйича тренинг ташкил этилди. Ушбу тадбир FAO/USAID умумжаҳон саломатлик хавфсизлиги ташаббусининг бир қисми сифатида Ўзбекистонда инсон ва ҳайвонлар саломатлигини мустаҳкамлаш, микроблар резистентлигига қарши чораларни кучайтириш ва зооноз касалликларнинг олдини олишга қаратилган.

Бруцеллёз - ҳайвонлардан одамга овқат ҳазм қилиш ва нафас олиш йўллари, яллиғланган тери орқали юқадиган инфецион касаллик. Бруцеллёзни қўзғатувчи “Бруcелла” бактерияси ўта чидамли ҳисобланади. У музлатилган гўштда бир ярим йилгача, хом ва пишмаган гўштда 30 кунгача, айрим пишлоқларда 15—40 кунгача, сутда 3—4 кунгача сақланиши мумкин. Бактериянинг чидамлилиги уни одамларда тез-тез қайд этиладиган касалликка айлантиради.
Тренинг машғулотларида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Ветеринария илмий-тадқиқот институти ходимлари, лаборатория мутахассислари ва Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган ветеринар-эпидемиологлар иштирок этди. Улар бруцеллёз ҳақида ўз билимларини кенгайтириб, эмлаш орқали ушбу касалликнинг олдини олиш ҳақида керакли маълумотга эга бўлдилар.

Семинарнинг амалий қисми Тошкент вилоятида жойлашган чорвачилик фермасида давом этиб, унда иштирокчилар қон намуналари олиш, касалликларга қарши курашиш ва хавфни баҳолаш бўйича амалий кўникмаларни қўлга киритишди.

Тренинг маҳаллий мутахассисларнинг касаллик тарқалишининг олдини олиш ва назорат қилиш малакасини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади. Ветеринария шифокорларини илғор билим ва амалий кўникмалар билан таъминлаш орқали FAO ва USAID ҳамда уларнинг маҳаллий ҳамкорлари минтақадаги инсон ва жонзотлар учун хавфсизроқ ва соғлом муҳитни яратишга ҳисса қўшмоқда. Бу каби ташаббусларнинг муваффақиятли амалга оширилиши нафақат бруцеллёз билан боғлиқ хавфларни юмшатибгина қолмай, балки бутун Ўзбекистон бўйлаб соғлиқни сақлаш хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.