22 Авг 2018

Қорамолларнинг вирусли диарея касаллигининг эпизоотологик, клиник ва патологоанатомик хусусиятлари

           Вирусли диарея - (лотинча-Diarhea viralis bovum, инглизча-Viral diarhea) нисбатан бузоқларда кўпроқ учрайдиган ўткир кечувчи, мулоқот пайтида юқадиган касаллик бўлиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, оғиз бўшлиғи, қизилўнгач ва овқат ҳазм қилиш йўлларининг эрозияли-яраланиши, қон аралаш ич кетиши, кучли сўлак ажралиши, кўз шиллиқ пардасининг яллиғланиши, сигирларда эса бола ташлаш каби хос белгилар билан кечади.

         Эпизоотологияси. Вирусли диарея билан асосан йирик шохли ҳайвонлар ҳамда буғулар, кийиклар, қўйлар, чўчқалар касалланади. Вирус касаллик қўзғатувчиси бузоқлардан бурни орқали 10 кун давомида ажралиб туради. Сурункали ва клиник белгиларсиз касалланган ҳайвонлар катта хавф туғдиради. Уларда вирус ташувчанлик узоқ вақт давом этиши мумкин. Касалланиб соғайган ҳайвонларнинг паренхемали аъзоларидан - 200 кунгача, нафас олиш йўлларидан - 56 кунгача, лимфа тугунларидан - 39 кунгача бўлган даврда, қондан 4 ой давомида қўзғатувчи ажратилади.

         Диарея вируси қўйлар, эчкилар, чўчқалар ва айрим ёввойи ҳайвонлар турлари организмида ўрнашиб олиб, касаллик қўзғатувчисини табиатдаги манбасини шаклланишига сабаб бўлади. Вирус бевосита ва билвосита мулоқот йўли билан, озуқа ва ичимлик суви орқали юқади. Хизмат кўрсатувчи ходимлар, шу жумладан бузоқ боқарлар, мутахассислар ҳам касалликни ўз пайафзаллари, кийим-кечаклари билан тарқатишлари мумкин. Вирус сигирларга табиий ёки сунъий уруғлантирилганда ҳамда ҳомилага плацента орқали ўтиб, кўпайиш органлари потологиясини келтириб чиқаради.

            Касалланиш даражаси куз, қиш ва баҳор ойларида энг юқори бўлиб, ёзда нисбатан кам касалланиш ҳолатлари кузатилади. 2 ёшгача бўлган қорамоллар касалланишга мойил, кўпинча 5 ойликгача бўлган бузоқлар касалликка чалинади. Касаллик подадаги 10 %дан 100 %гача молларни қамраб олади. Ўлиш даражаси 10-90 % ни ташкил этади.

         Касалликни келиб чиқишига организмнинг умумий чидамлилигини пасайтирувчи омиллар – санитария талабларининг бузилиши, ноқулай об-ҳаво шароити, сифатсиз озуқалар билан кам озиқлантириш, айниқса рационда витаминлар ва минералларнинг етишмаслиги, яйраш майдончаларининг йўқлиги сабаб бўлади.

         Клиник белгилари ва кечиши. Касалликнинг яширин даври 2-6 кун давом этади. Касаллик ўткир, сурункали ва абортив шаклда кечади. Белгилари, касаллик оғирлиги, тарқалиш доираси ҳамда ўлиш фоизлари вируснинг вирулентлиги, ҳайвонлар таъсирчанлиги ва стресс омилларнинг мавжудлигига боғлиқ ҳолда ўзгариб туради.

         Касаллик ҳомилалигида юқса, бузоқлар гипотрофик бўлиб туғилади, ҳаётининг дастлабки 24 соатида уларда оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг гиперемияси, милклар яллиғланиши, танглайда эрозия яралари сўлак ажралиши, баъзан қон кетиши билан кечувчи гастроэнтерит ривожланади.
7-12 кундан сўнг бундай бузоқларнинг 70%га яқини пневмония билан касалланиб, ўлим даражаси 25-30 %ни ташкил этади.

         Бўғозликнинг 90 ва 118 кунлари орасидаги даврда туғилган бузоқларда вирус юққанида, атаксия, бўйин қийшиқлиги, мушаклар тремори ва опистотонус билан тавсифланувчи марказий асаб тизими бузилишининг клиник белгилари кузатилади. Жун қатламининг туғма жингалаклиги ҳам кузатилади.

         Касалликнинг ўткир кечиши, одатда, эпизоотик жараённинг бошида, асосан ёш молларда кузатилади. У 12-60 соат давомидаги юқори ҳарорат (39,5-42,3оС), кучли депрессия, бурундан сероз, кейинчалик эса шилимшиқ ҳамда йирингли-шилимшиқ суюқлик оқиши, кўз ёшланиши, йўтал, тахикардия (дақиқасига 48-90), иштаҳа пасайиши билан таърифланади.    Оғиз бўшлиғи ва бурунда аввалига кенг тарқалган гиперимик шишлар пайдо бўлиб, турли ўлчамдаги бўртмалар (папулалар) (5 дан 30 мм гача) ва тезда емирилувчи везикулаларга айланади. Улар ўрнида қизил, сарғиш-кулранг кепаксимон йирингли яллиғланиш аниқ ҳошияланган эрозия ва яралар ҳосил бўлади. Бундай ҳайвонларда сўлак ажралиши яққол кузатилади. Оғиз бўшлиғидагига ўхшаш касаллик белгилари туёқ оралиғида, туёқ устида, жинсий аъзоларда, бурун тешигида, кўзлар атрофида ҳам кўплаб учрайди.

         Оғиз бўшлиғи ва бурун яллиғланиши билан бир вақтда ёки улардан сал кейинроқ ич кетиши (диарея) пайдо бўлади ва геморрагик яллиғланган тўғри ичакнинг тўсатдан тушиши кузатилади. Тезаги суюқлашади, тўқ-қўнғир, шилимшиқ, қон аралаш, фибриноз ажратмалар, қўланса ҳидли ҳаво аралаш пуфакчали бўлади. Касал ҳайвонлар тез орада ориқлайди, ҳолсизланади, букчайган, юнги ҳурпайган ёки ётган ҳолатда бўлади. Уларнинг жағ остида шиш пайдо бўлади, ўртача тимпания ривожланади.

         Марказий асаб тизимининг шикастланиш белгилари: қўзғалувчанлик, атаксия, кома ҳолати пайдо бўлади. Аксарият ҳолатларда (10-15 %) кератит, кўз мугуз пардасининг хиралашуви кузатилади. Ҳайвонлар бутунлай ҳолсизланиб, кома ҳолатига тушиб ўлади. Касаллик ўткир кечганда 1-2 ҳафта давом этиб, деярли ҳайвон ўлими билан якунланади.

         Касалликнинг кечиши сут эмиш давридаги ва вояга етган бузоқларда кўпроқ учрайди. Касал ҳайвонларнинг иштаҳаси пасаяди. Тана ҳарорати 0,5-1,5оС га кўтарилади ёки бир меъёрда туради. Юрак уриши ва нафас олишнинг тезлашиши, ўрта оғирликдаги ринит, қисқа вақтли диарея, лейкопения кузатилади. Ривожланаётган лейкопения вирусли диареянинг ташхисловчи муҳим белгиси ҳисобланади. Оғиз бўшлиғининг шиллиқ қавати яллиғланмаган ёки юзаки яллиғланган бўлади.

         Туёқларнинг яллиғланиши ва эрозияли яралар сабаб оқсаш юзага келади. 2-4 ойликкача бўлган бузоқларда касалликнинг респиратор шакли ривожланиб, ринит, юқори танглай ва бурун шиллиқ қавати эрозиялари билан бир қаторда сурункали бронхопневмония белгилари ҳам кузатилади.

         Касалликнинг сурункали кечиши, ўткир ва ўртача ўткир касалланган ҳайвонларда кузатилади. Аммо касаллик кўпинча бошидан сурункали кечиши ҳам мумкин. Бундай ҳайвонларда ривожланишдан орқада қолиш, иштаҳа пасайиши, узоқ муддатли ўртача иситма, бурун ва кўздан суюқлик ажралиши кузатилади. Оғиз бўшлиғининг шиллиқ қаватида узоқ вақтгача битмайдиган эрозия ва яралар бўлади. Узоқ муддат давом этувчи диарея ва ориқлаш кузатилади. Бундай ҳолларда тўғри ичак тушиши мумкин. Тери эластиклик хусусиятини йўқотади, бурмалар, аллопеция, гиперкератозлар юзага келади, ҳайвон жуни хурпаяди. Кўпинча пневмания ривожланади. Касал ҳайвонлар одатда касалликнинг иккинчи ойи охирига бориб ўлади. Соғайган ҳайвонларда соғлиғи ва вазни аста-секинлик билан 6 ой ва ундан ортиқ вақтда тикланади. Касал бузоқлар узоқ вақтгача вирус ташувчи бўлиб қолади.

         Касалликнинг абортив шакли ёш молларда қисқа муддатли безгак, кучсиз ринит, баъзан диарея билан таърифланади. 3-4 кундан сўнг касал ҳайвон соғаяди.

         Патологоанатомик ўзгаришлар. Асосий морфологик ўзгаришлар ҳазм қилиш аъзоларида кузатилади. Оғиз, лунж ва милклар шиллиқ қаватларида, тилнинг ён сиртида, танглай ва ҳалқумда доимий равишда гиперемия ёйиқ, баъзида қўшилиб кетган папулалар, эрозия ҳамда турли ўлчамдаги, кўпинча 2-3 мм диаметрли яралар кузатилади. Уларни аксар ҳолларда бурунда ва бурун тешиклари, бурун ойнаси юзасида учратиш мумкин. Қизилўнгач бўйлаб яққол кўриниб турувчи кўплаб ёки битта-битта учровчи, узунасига чўзилган, кулранг-жигарранг қараш билан қопланган эрозия ва яралар мавжуд бўлади. Улар асосан юзада жойлашган бўлиб, баъзида шиллиқ ости тўқималарига ўтади. Катта қорин ва ширдоннинг шиллиқ қавати қизарган, нуқтасимон қонталашлар, ширдоннинг пилорик қисмида эса турли катталикдаги эрозиялар ва яралар аниқланади.

         Ичакларнинг барча қисмларида суюқ-шиллиқ, шилимшиқ ва қон аралаш, қўланса ҳидли масса мавжуд бўлади. Ингичка ичак шиллиқ қаватининг айрим жойларида катарал, геморрагик ёки фибринли-некрозли яллиғланган ўчоқлар кузатилади. Ичакнинг лимфа тугунлари катталашган ва шишган бўлади. Тўғри ичакнинг шиллиқ қаватида шиллиқ қаватининг ўлган тўқималарни кўчиши (петехия), баъзан эса яралар кузатилади. Тўғри ичак тушган ҳолатларда геморрагик тошмалар аниқланади.

         Вирусли диарея ўткир кечганда қатқорин лимфатик тугунлари катталашган, экссудатли бўккан бўлади. Жигар тўқ сариқ рангда бўлиб, катталашган, некрозли ўчоқлар ёки ёғ қатлами қоплаган бўлади. Ўт пуфаги яллиғланган, ўт билан тўлган. Буйраклар кўпинча (90 %гача) ҳажми катталашган, шишган, камқон, бужмайган холатда бўлади. Капсула остида геморрагик ўчоқлар бўлиши мумкин.

         Касаллик сурункали кечганда буйракларда умумий фиброз ва ташқи қатлам сиртида попукка ўхшаш ўсимталар кузатилади. Бош мия шишган ва катталашган бўлади. Кўпинча ўпкада бронхит, катарал ёки крупоз бронхопневманияга хос ўзгаришлар аниқланади.

         Вақтига етмай ташланган ҳомилаларда мия юмшоқ тўқимасининг яллиғланиши, геморрагик ўчоқлар ва асаб тўқималарининг ўртача шиши кузатилади. Ҳомилада мўмиёланиш ҳоллари ҳам учраб туради.


А.Абдусатторов, ветеринария фанлари доктори
А.И.Амиров, ассистент, Тош ДАУ