БЕЛОРУСЬ РЕСПУБЛИКАСИДА ЎЗБЕК ОЛИМИ ДОЛИ НАРЗИЕВНИНГ ХОТИРА КЕЧАСИ ЎТКАЗИЛДИ

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори Худойназар Юнусов ҳамда институт доценти Бахтиёр Нарзиевлар Белорусь Республикасида бўлиб ўтган халқаро анжуманда иштирок этишди.
Тадбир доирасида Витебск Давлат ветеринария медицинаси академиясида атоқли ўзбек биолог олими, профессор Доли Нарзиев хотирасига бағишланган “Ҳайвонлар анатомияси ва гистологиясининг замонавий муаммолари ва тадқиқот истиқболлари” мавзусидаги биринчи Белорус-Ўзбек ҳалқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Унда Россия Федерацияси, Украина, Белорусь Республикаси ва Ўзбекистон делегацияси вакиллари, олимлар ва илмий тадқиқотчилар иштирок этишди. Витебск Давлат ветеринария медицинаси академияси профессори Дмитрий Федотов конференция қатнашчиларини ушбу ташриф билан қутлади. Тадбирда Доли Нарзиевнинг ўғли, Самарқанд ветеринария медицинаси институти проректори Бахтиёр Нарзиевнинг “Ҳайвонлар анатомияси ва гистологиясининг замонавий муаммолари ва тадқиқот истиқболлари” мавзусидаги маърузаси тингланди.
Шунингдек, тадбир давомида Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳамда Витебск Давлат ветеринария медицинаси Академияси ҳамкорлигида ташкил этилган қўшма факультет фаолиятини янада ривожлантириш, факультет негизида қўшимча тармоқлар очиш, ҳамкорликда янги ўқув-қўлланмалар чоп этиш юзасидан ҳам музокаралар олиб борилди. Мазкур қўлланмалардан Ўзбекистон, Украина, Россия Федерацияси ҳамда Белорусь Республикаси морфолог – олимларининг тадқиқот материаллари жой олиши кўзда тутилган.
Ташриф доирасида меҳмонлар томонидан Белорусь Республикасининг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ветеринария фанлари доктори, профессор Доли Нарзиев 1926 йилнинг 10 мартида Самарқанд вилоятида таваллуд топган. 1944 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалик институти (ҳозирги Самарқанд ветеринария медицинаси институти)нинг ветеринария факультетида таҳсил олган. 1949 йилдан институтда ассистент сифатида фаолият олиб борган. 1958 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Олимнинг “Ҳайвонлар анатомояси” номли биринчи ўқув-қўлланмаси чоп этилган. 1974 йилда эса, Арманистон пойтахти Ереван шаҳридаги Зооветеринария институтида докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлаган. Ветеринария фанлари доктори Доли Нарзиев илмий раҳбарлигида 6 та номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинган. 100 дан ортиқ илмий-услубий қўлланмалари нашр этилган.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати