ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ҚЎМИТАСИ РАИСИНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ!
Ҳурматли юртдошлар, соҳа фидойилари!
Айни пайтларда баҳор ва янгиланиш рамзи бўлган – Наврўзи олам қаршисида турибмиз. Ҳамюртларимиз, қардош эллар мазкур баҳор байрамини ўзгача шавқу завқ билан кутиб олиши шубҳасиз. Негаки, минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам қалбларимизга чексиз қувонч ва завқ бағишлайди.
Мана шундай файзли айёмда барча юртдошларимизга, соҳада жонкуярлик билан меҳнат қилаётган азиз ватандошларимизга юксак ҳурмат ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ветеринария ва чорвачилик тармоқларида олиб борилаётган ўзгаришлар, ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва ижросини таъминлашда барчангизнинг муносиб ҳиссангиз бор.
Ўйлайманки, республикамизда озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, халқимизга сифатли, арзон чорва маҳсулотлари етказиб бериш, соддароқ қилиб айтганда, элимиз дастурхонини обод қилиш Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси зиммасидаги улкан масъулиятдир.
Бу борада мамлкатимизнинг барча чорвачилик субъектларида маҳсулот етиштириш ва қайта ишлаш бўйича ишлар қизғин олиб борилаётганлигини, халқимиз гўшт ва сут маҳсулотлари бўйича тақчиллик сезмаслигини алоҳида таъкидламоқчиман.
Азиз ватандошлар!
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни, жумладан юртимизда фаолият олиб бораётган барча ветеринар ва чорвадорларни кўкламнинг қутлуғ куни — Наврўз байрами билан самимий қутлайман!
Сизларга соғлик-саломатлик, бахту-саодат, хонадонингизга файзу барака ва ишингизда муваффақиятлар тилайман!
Муборак Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ бўлсин, хайрли ишларимиз бароридан келсин!
Баҳром НОРҚОБИЛОВ,
Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш қўмитаси раиси